Асосий мавзулар
15 october 2019

Гулчеҳра Нуруллаева: Шоҳлар ҳузурида эмаклаш нечун?

Элтуз нашри «Ёзарнинг саси» рукнида ўзбекистонлик таниқли шоира Гулчеҳра Нуруллаева фикрларини эътиборингизга тақдим этади:

«Горбачёвнинг ошкоралик сиёсати барчамизнинг кўзимизни очиб юборган эди. Бизнинг авлод советлар руҳида тарбияланган эди.

Мустақилликка мен бир ишонч ва шубҳа билан кириб келдим. Ишонганим шундан иборат эдики, бундан буён давлатни бир ўзбек бошқаради. Бироқ биз ишонган одамлар биз кутгандек чиқармикан, деган шубҳа ҳам бор эди… Минг афсуски, шунча давр охирида мендаги ишончдан кўра шубҳа устун келди.

Мустақиллик аввалида президент Каримов шахсан мени қабул қилиб, икки соат суҳбатлашганди. Ўшанда мен унга бир қадар ишонган эдим. У менга «Сиз ва сизлар хоҳлаган тузумни яратамиз. Сиз ва сизлар хоҳлаган жамиятни яратамиз. Фақат менга имконият беринглар, менга вақт беринглар», деб айтди.

Энди кўраяпманки, йилдан йилга аҳволимиз ёмонлашиб борди. Энди буёғига чидаш мумкин эмас, деб ўйлайман. Қашшоқлик, фоҳишалик, мардикорлик, тиланчиликнинг ҳаддан ташқари кўпайиши. Бир ҳовуч одамларнинг бойиган сари мутлақо кўзи тўймаслиги.

Улар ҳаддан зиёд бойиб боряпти, менинг она халқим борган сари қашшоқлашиб боряпти. Бу мен орзу қилган жамиятнинг бутунлай акси бўлиб чиқди ҳозир.

Шоир ҳеч қачон ёлғон сўзламаслиги керак. Дор тагида ҳам, ўлиб қолган тақдирда ҳам. Минг афсуски, ўзбеклар жуда катта умид боғлаган, қаҳрамонлик унвонлари берилган шоирларимиз Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидовлар чин маънодаги сарой булбулларига айланишди.

Мен уларнинг позициясига ҳайрон қоламан. Ҳеч бўлмаса Эркин Воҳидов билан Абдулла Орипов ўз атрофига барча зиёлиларни тўплаганида эди ва улар вақти-вақти билан президентга очиқ мурожаатлар қилиб туришганларида эди, жамиятни ҳозиргидай жар ёқасига олиб келиб қўймаган бўлардик, деган хаёлларга бораман.

Мана бу қурилишларни айтишади. Буни кўриб ижодкорнинг кўзи қувониши керак… Лекин иккинчи томонда қашшоқлар, гадойлар, тиланчиларни кўриб турган пайтим уларнинг бир тийинлик қадри қолмайди.

Аввал таълимни тўғри йўлга солайлик, коррупциядан воз кечайлик, ана унда қурилишлар ярашади.

Мен авлодларимга сираям истамасдим бугунгидай даврни. Кошки бу ҳолат менинг ҳаётимдан ўчиб кетган бўлса, янги бир авлод келса, мен истаган ўша демократик бошқарув бўлса.

Ҳозирги ёшлар олдинги даврни кўришмаган. Боригаям, йўғигаям кўникиб кетаётган бир авлод. Улар кўп нарсадан маҳрум. Ўз адабиётини, ўз тарихини ўқишмайди. Ўзининг буюкларини билмайди. Ярим манқурт авлод яратилдими, дея катта бир шубҳага тушаман…

Менинг назаримда, бунга зиёлилар, биринчи навбатда шоир, ёзувчилар айбдор. Биз қанчалик тўғри, ростгўй, ҳалол бўлсак, Худо бизни бандам дейди. Бу фирибгар, алдамчи, юлғич одамларни Худо албатта қарғаса керак…

Беқиёс дардкашлик хиёбонида
Кезгувчи шоирин севар-ку очун.
Йўқ экан бу ҳатто шоҳ имконида
Шоҳлар ҳузурида эмаклаш нечун.

Гулчеҳра Нуруллаева
eltuz.com

Тағин ўқинг
28 may 2021
Ҳақиқий уруш йўқ,  Тинчлик ҳам йўқ ҳақиқий, Йиғилар сохта дурур, ясамадир кулгулар. Гар самимий бир инсон кўриб қолсам, мен ...
5 july 2025
Бундан бир йил муқаддам — мустақилликнинг 33 йиллик тантаналарига бонг урилганда президент Шавкат Мирзиёев: “Барча ислоҳотларнинг руҳи ва мазмунига ...
3 march 2022
Россияни Украинага бостириб кришини оқлаятганлар миясини Россия ТВсини бир ёқлама пропагандаси ювган эканлигини кўришимиз мумкин. Айнан шундайлар Путинни босқинчилик ...
5 july 2019
Юсуф Жума 1958 йилда Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида таваллуд топган. Бухоро педагогика институтини тамомлаган. Биринчи шеърий тўплами «Ҳақиқатнинг олтин ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...