UzPoster
4 june 2020

Бобилга саёҳат

Бобил инсоният тарихидаги энг қадимий, энг йирик шаҳарлардан биридир. Унинг тарихини кузатарканмиз, урбанистик марказларнинг узлуксизлигини ва давомийлигини кўрамиз.

Бобил ва унинг атрофида жуда қадимдан катта-кичик шаҳарлар вужудга келган. Бобил инқирозга учраганидан сўнг ҳам унинг яқинида йирик шаҳарлар вужудга келаверган.

Буни ҳар хил тушунтиришади. Биринчи нуқтаи назар: шаҳарлар қулай географик ҳудудда жойлашгани боис, янги шаҳарлар ҳам унинг атрофида вужудга келаверади.

Иккинчи нуқтаи назар: кейинги халқлар олдинги халқлар яратиб кетган тайёр инфратузилмани ўзлаштириб, давом этади.

Валлестрайн айтганидай, империялар дунё-иқтисодиётлари бир-бири билан иқтисодий жиҳатдан боғлиқ вилоятлар ва давлатлардан иборат кичик “дунё”лар яратади; империялар йўқ бўлса ҳам бу дунёлар узоқ вақт сақланади – йиллар, асрлар давомида бир-бири билан иқтисодий ва маданий алоқада бўлган халқлар бу алоқаларни давом эттиради.

Бу яқинликдан фойдаланган ҳолда мана шу ҳудудда янги империялар яратиш мумкин. Янги империялар яратилмаса, бу яқинлик секин-аста йўқолиб боради.

Бу жиҳатдан Аҳамонийлар давлати ҳам, ундан кейинги давлатлар ҳам Бобилнинг давомидир, яъни Бобил салтанатининг инфратузилмаси, анъанаси, мероси Аҳамонийлар томонидан ўзлаштирилган ва давом эттирилган: давлат тузуми, бюрократия, ёзув, ҳатто тил.

Бобил атрофида кўп сиёсий воқеалар рўй берган; Александр Македонский ҳам Бобилни ўз пойтахти деб эълон қилган ва шу ерда вафот этган. Унинг меросхўрлари ҳам Бобилни марказлардан бири деб билган.

Парфия ҳукмдорлари Бобилни эгаллаб, ўзларини Бобил шоҳлари деб эълон қилиши ҳам эски анъанага, Бобил дунё-иқтисодиётига меросхўр эканини кўрсатишга қаратилган қадам эди.

Лекин у пайтга келиб Бобил анчайин тушкунликка келиб қолгани боис, унинг яқинидаги Упи (Опис) шаҳри пойтахтга айлантирилди. Опис Салавкийлар империяси даврида Салавкия деб қайта номланган эди. Парфияликлар унга Ктесифон номини берди. У Парфия империясининг пойтахтига айланди.

Сосонийлар Парфияни қулатгач, улар ҳам Ктесифонни ўзларига пойтахт қилиб танлади. Яъни улар ҳам парфияликлар даъво қилган Бобил дунё-иқтисодиётига меросхўр сифатида сиёсат саҳнасига чиқишди.

Форслар даврида Ктесифон жаҳоннинг энг йирик шаҳарларидан бирига айланди. Ктесифоннинг ўзи бир пайтлар Бобил атрофида ўсиб чиққан кичик шаҳарлардан бири бўлганидай, энди унинг атрофида шаҳарлар ўсиб чиқди: Валашобод (Парфия шоҳи Валаш қурдирган), Веҳ-Ардашер (эски номи Салавкия, Сосонийлар сулоласи асосчиси Ардашер номига қайта номланган), Веҳ-Антиоки Хусрав (эски Антиохияни Сосоний Хусрав қайта номлаган), Аспанбор.

Араб халифалигининг биринчи сулоласи – Уммавийлар Аббосийлар томонидан ағдариб ташлагач, халифа Абу Жаъфар ал-Мансур 762 йил 30 июлда эски Ктесифон (араблар Мадойин дейди) ва Бобил харобаларидан узоқ бўлмаган ерда янги шаҳар – Бағдодга асос солади ва халифалик пойтахтини Дамашқдан янги шаҳарга кўчиради. Пойтахт номига қараб Араб халифалиги баъзан икки босқичга бўлинади: Дамашқ халифалиги ва Бағдод халифалиги.

Аббосийлар узоқ асрлар мобайнида Бағдод халифалари бўлиб қолади. Бошида улар улкан империя ҳукмдорлари бўлса, кейинчалик кўп жиҳатдан Шарқ сиёсатида Европадаги Рим папаларига ўхшаш ролни бажаради: фақат Бағдодга эгалик қилиб, диний нуфузидан фойдаланган ҳолда у ёки бу сулолаларни, давлатларни бир-бирига тўқнаштиради, турли мусулмон вилоятларига таъсир ўтказади ва ҳоказо.

Турли сулолалар ўз вақтида Бағдодни эгаллаб, амалда уни бошқаради, лекин Аббосийлар сулоласини диний ҳаёт раҳбарлари сифатида сақлаб қолади.

1258 йилда мўғул хони Хулагухон қўшинлари Бағдодни эгаллаб, вайрон қилиши қарийб 3,5 минг йил ҳукм сурган Бобил дунё-иқтисодиётига чек қўяди.

Бағдод шаҳри сақланиб қолади, лекин ортиқ илгариги нуфузга эга бўлмайди ва дастлаб Элхонийларнинг, охирида Усмонлиларнинг бир вилояти маркази вазифасини бажаради. Лекин иқтисодий-маданий анъананинг узоқ яшашини эътироф этмай иложимиз йўқ.

Бобил жудаям гўзал ва том маънода улкан шаҳар бўлган. У барчани улканлиги, ранг-баранглиги, космополитлиги, бағрикенглиги ва ўта замонавийлиги билан ҳайратда қолдирган.

Яҳудийларда, христианларда, юнонларда у ҳашамат, бойлик ва ахлоқий бузуқлик рамзига айланган. Инсоният тараққиётининг мазмунини очиб берадиган, ўтмишнинг мантиқини, ҳис-туйғуларини тушунишга, 4 минг йиллик маданий ва лисоний хилма-хилликни тушунишга кўмак берадиган тарихни ва айни пайтда поэтик ҳиссиётларни ўзида жамлайди Бобил тарихи. Ўтмишга саёҳат қилиш мумкин бўлса, Бобилни кўришни хоҳлардим. Афсус, бунинг иложи йўқ.

Эльдар Асанов,
Телеграмдаги «Асанов формати» блогери

Тағин ўқинг
29 november 2025
Ўзбекистон – эътиқод эркинлиги кафолатланган давлат. Қонунларда шундай ёзилган. Aммо амалдачи? Мактабларда, коллеж ва университетларда ҳижобда ўқиш мумкин эмас. ...
23 march 2021
2019 йил октябрда президент Мирзиёев 2020-2030 йилларда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаган эди. Бу ҳужжат Ўзбекистоннинг самарасиз қишлоқ хўжалигини ...
13 november 2020
“Уғур” дегани эски туркчада “муваффақият”, “омад” деган маъно беради.  Уғур ҳали уч ëш экан, ишчи оиланинг фарзанди ўлароқ Искандерундан Германияга кетди. Бу 1965 йил эди. Онаси ва отаси ...
13 january 2016
Ўзбекистонда қалбаки дорилар бозори, айниқса, кейинги йилларда ривожланди, дейди Eltuz.Com билан суҳбатлашган ўзбекистонлик шифокор Сабоҳат Аҳмедова. Вазият шундай тус ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...