Асосий мавзулар
1 april 2021

Императив-17. Одам жамлаб олса ўзини

(Муҳаммад Солиҳ аудиокитобининг давоми)

Москвадаги икки йиллик ҳаёт миллий қарашларимни сезиларли даражада радикаллаштирди, десам муболаға бўлмайди. Албатта, бу совет режимига қарши қуролли кураш орзуси эмасди. Бунинг имконсиз экани аниқ эди.

Айни пайтда шууримда жўн романтика ҳам эмас, реал ҳаётда содир бўлиши мумкин бўлган саҳналар гавдалана бошлаган эди:

ОДАМ ЖАМЛАБ ОЛСА ЎЗИНИ

Вужуд, томирларинг ёпиб ол,

Киритма у ерга сотқин титроқни…

Кўкракка лағча чўғ темирни

Босганда душман,

Оғиз, гуллаб қўйма кўкрак сирини!

Қичқириб юборма, бўғиз,

Инграб, ҳирқирама азобдан

Одам жамлаб олса ўзини,

Ўзини катта бир майдонга йиғса,

У улкан лашкардир.

(1980)

«Валфажр», 1983 йил

Бу шеърдаги буйруқ руҳнинг баданга буйруғи эди. Ёзаётган, ҳатто босилаётган шеърларимнинг матности ифшо этилганида эди, менга «антисоветчи» тамғасини уриб, дарҳол «чора кўришлари» эҳтимоли йўқ эмасди. Буни ташкиллаштириш жуда қулай эди КГБ учун. «Йўқ нарса»дан жиноят уйдираётган КГБ менинг матнларимда НАРСАнинг ўзини топиши учун диққатини матнга қаратиши кифоя эди.

Шеърда кўрсатилган «лағча чўғ» шундоқ ёнгинамизда қримлик қардошларимизнинг кўксига босилаётган эди. Нима учун? Фақат ватанларига қайтишни истаганлари учун.

Мен ҳам ватанига қайтишни истаётган биттаси эдим, ишғолчилардан озод қилинган ватанимга. Аммо ҳозирча худди «ватани бор одамдай» яшаяпман. Қуйидаги шеър миллиятчининг шу чорасизлиги ҳақда:

АЙТГАНДАЙ

Дарвоқе, сиз бунча тўғрисиз,

Маккадан яқинда қайтгандай?!

Айтгандай, сиз кимнинг ўғлисиз,

Кимнинг набираси, айтгандай?

Айтгандай, ҳеч уялмадингиз,

Андиша йўқ, айтгандай, сизда

Халқ олдида, куппа-кундузи

Миллат ҳақда гап сотдингиз-а?

Айтгандай, сиз сал такаббурсиз,

Ўзингизни камтарроқ тутинг.

Керагидан ортиқ мағрурсиз,

Ватани бор одамдай худди!..

(1985)

«Олис табассум сояси», 1986 йил

(Давоми бор. Императив, 2020 йил, Истанбул)

Тағин ўқинг
7 july 2016
«Ўзбекистон овози» газетаси Халқ демократик партияси етакчиси, партиянинг парламент қуйи палатасидаги фракцияси раҳбари Ҳотамжон Кетмоновнинг Бўз туманидаги сайловчилар билан ...
26 november 2025
Элтузга Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида яшовчи, Ички ишлар вазирлиги тизимида ишлаган истеъфодаги ходимдан шикоят келиб тушди. Унинг айтишича, ...
3 september 2018
Ислом Каримовнинг ўлганига икки йил бўлиши билан Ўзбекистон ҳукумати марҳум президентнинг шиорлари, расмлари ва китобларини йўқ қилиш кампаниясини бошлади. ...
2 november 2018
Владимир Жириновский бошчилигидаги Россия делегацияси 2 ноябрь куни Бухорога келди. Россия Давлат думаси депутатларидан иборат делегацияни, ЎзА хабарига кўра, ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...