Асосий мавзулар
1 april 2021

Императив-17. Одам жамлаб олса ўзини

(Муҳаммад Солиҳ аудиокитобининг давоми)

Москвадаги икки йиллик ҳаёт миллий қарашларимни сезиларли даражада радикаллаштирди, десам муболаға бўлмайди. Албатта, бу совет режимига қарши қуролли кураш орзуси эмасди. Бунинг имконсиз экани аниқ эди.

Айни пайтда шууримда жўн романтика ҳам эмас, реал ҳаётда содир бўлиши мумкин бўлган саҳналар гавдалана бошлаган эди:

ОДАМ ЖАМЛАБ ОЛСА ЎЗИНИ

Вужуд, томирларинг ёпиб ол,

Киритма у ерга сотқин титроқни…

Кўкракка лағча чўғ темирни

Босганда душман,

Оғиз, гуллаб қўйма кўкрак сирини!

Қичқириб юборма, бўғиз,

Инграб, ҳирқирама азобдан

Одам жамлаб олса ўзини,

Ўзини катта бир майдонга йиғса,

У улкан лашкардир.

(1980)

«Валфажр», 1983 йил

Бу шеърдаги буйруқ руҳнинг баданга буйруғи эди. Ёзаётган, ҳатто босилаётган шеърларимнинг матности ифшо этилганида эди, менга «антисоветчи» тамғасини уриб, дарҳол «чора кўришлари» эҳтимоли йўқ эмасди. Буни ташкиллаштириш жуда қулай эди КГБ учун. «Йўқ нарса»дан жиноят уйдираётган КГБ менинг матнларимда НАРСАнинг ўзини топиши учун диққатини матнга қаратиши кифоя эди.

Шеърда кўрсатилган «лағча чўғ» шундоқ ёнгинамизда қримлик қардошларимизнинг кўксига босилаётган эди. Нима учун? Фақат ватанларига қайтишни истаганлари учун.

Мен ҳам ватанига қайтишни истаётган биттаси эдим, ишғолчилардан озод қилинган ватанимга. Аммо ҳозирча худди «ватани бор одамдай» яшаяпман. Қуйидаги шеър миллиятчининг шу чорасизлиги ҳақда:

АЙТГАНДАЙ

Дарвоқе, сиз бунча тўғрисиз,

Маккадан яқинда қайтгандай?!

Айтгандай, сиз кимнинг ўғлисиз,

Кимнинг набираси, айтгандай?

Айтгандай, ҳеч уялмадингиз,

Андиша йўқ, айтгандай, сизда

Халқ олдида, куппа-кундузи

Миллат ҳақда гап сотдингиз-а?

Айтгандай, сиз сал такаббурсиз,

Ўзингизни камтарроқ тутинг.

Керагидан ортиқ мағрурсиз,

Ватани бор одамдай худди!..

(1985)

«Олис табассум сояси», 1986 йил

(Давоми бор. Императив, 2020 йил, Истанбул)

Тағин ўқинг
12 december 2025
Фарғона вилояти Учкўприк тумани ҳокимининг маънавий ишлар бўйича ўринбосари Ш. Позилов 10 декабр куни соат 15:00 да барча мактаб ...
26 august 2022
30 йилдирки саргардонликда, аввал Норвегияда кейин Туркияда яшаётган Муҳаммад Солиҳ янги куллиёти – асарлар тўплами устида ишламоқда. Унга бир ...
6 february 2019
Швециядаги SILK – Швед халқаро либераллар маркази 5 февраль куни ўзбек жамоатчилиги, швед дипломатлари, ҳуқуқ фаоллари ва сиёсатчилари иштирокида ...
14 september 2016
Шавкат Миромонович Мирзиёев, вақтинчалик президент вазифасини бажарувчи этиб тайинланиши биланоқ, ўзининг “ойболтаси”ни ишга солди: 15 сентябрдан бошлаб Ўзбекистондаги аксар ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...