Асосий мавзулар
10 april 2021

Коронавирусга чалинган журналист терговга тортилди

8 апрель куни Effekt.uz журналисти Элёр Тожибоев Сурхондарё вилояти Денов тумани ИИБ мулозимлари томонидан ўзи яшайдиган хонадондан мажбуран олиб кетилди.

Бунга Термиз тумани прокуратураси сайт мухбирлари Элёр Тожибоев ва Акбар Нуримбетовга нисбатан Жиноят кодексининг 236 (тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш) ва 219-(ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатиб, тергов ҳаракатлари олиб бораётгани сабаб бўлди. 

Бундан аввалроқ Effekt.uz нинг Youtube даги саҳифасида Термиз тумани судида мухбирлар ва судья ўртасидаги тортишув акс этган видео эълон қилинган эди. 

Прокуратуранинг иддаосича, мазкур воқеа юзасидан терговга чақирилган мухбирлар чақирувларга “нописанд муносабатда бўлган” ва терговга келмаган. 

Сурхондарё вилояти Денов тумани ИИБ мулозимини “Элтуз”га тақдим этган маълумотга кўра, ҳозир Элёр Тожибоев тергов жараёнларида иштирок этмоқда. 

Журналистнинг адвокати “Элтуз” билан суҳбатда Элёр Тожибоевга нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилаётгани, чунки у айни пайтда коронавирус инфекцияси юқтиргани сабабли вақтинча терговга тортилиши мумкин эмаслигини айтди. 

“Қолаверса, журналистни мажбуран олиб кетишларига ҳаққи йўқ. Аввалдан огоҳлантириш бўлмаган. Ходимнинг иш жойига йўлланган хатларга эса асосли жавоблар берилган. Буни беэътибор қолдирди, дея тушунмаслик керак”, деди адвокат.

Элёр Тожибоевнинг рафиқаси С.Р.нинг билдиришича, ИИБ ходимларига адвокат томонидан касаллик варақалари кўрсатилиб, ҳолат тушунтирилса-да, улар Тожибоевни мажбуран олиб кетган. У уй шароитида даволанаётган бўлган.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ходими “Элтуз”нинг “АОКАдагилар нега жим” қабилидаги саволига: “Ташкилотимиз томонидан журналистнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ёрдам бериш чоралари кўрилади”, дея жавоб берди. 

– Аммо журналист эълон қилган материали бўйича судда жавоб бериши керак бўлган тақдирда суд ишига хоҳласак ҳам аралаша олмаймиз, – дея сўзида давом этди АОКА ходими. – Ҳолатни қонун доирасида ўрганиб, ваколатимиз доирасида журналистга ёрдам берамиз. 

Мазкур ходим Effekt.uz сайтига нохолис материаллар чиқармаслик, бошқа сайтлардан кўчирмаслик бўйича АОКА раҳбарияти томонидан бир неча марта огоҳлантириш берилганини қўшимча қилди.

Effekt.uz электрон нашри раҳбари Акмалхон Эшонхонов бу ҳолатни мантиқсизлик, деб баҳолади.

– Охирги вақтларда сайтимизга нисбатан адоват кучайган, – деди сайт раҳбари. – Турли айбловлар, тазйиқлар бўлди. Ҳатто сайтга техник ҳужумлар уюштирилди. Журналистимизга нисбатан қўйилаётган айблар асоссиз. Бу ОАВнинг қудратига, ошкоралик, шаффофлик талаб қилаётган Президентнинг имижига катта путур етказади.

Тағин ўқинг
26 september 2015
Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги ва Касаба уюшмалари федерацияси тарқатган, “Пахта – ризқ-рўзимиз!” сарлавҳали варақада жумладан қуйидаги сўзлар ёзилган. Пахта йиғим ...
15 october 2021
13 октябрда Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани фуқаролик ишлари судида шоир Йўлчи Рўзиевнинг даъво аризасига биноан очиқ судда Ўзбекистон ...
13 may 2022
“Лайлак келди – ëз бўлди, қаноти қоғоз бўлди”. Нега лайлакнинг қаноти қоғоз бўлганлигини олдин ҳам тушунмагандим, хозир ҳам тушунмайман. Ҳар холда буни ëзган ...
10 october 2025
Мудофаа вазирлигига қарашли Олий спорт натижаларини ривожлантириш маркази ҳарбий ходимлари ойлик ва мукофот маблағлари 10-15 кунгача кечикиб тўланаётганига норозилик ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...