Асосий мавзулар
25 october 2021

Чекловлар билан ўтган сайловда яна Мирзиёев ғолиб бўлди

Марказий сайлов комиссияси 25 октябрь куни президент сайлови натижалари тўғрисида баёнот берди. Дастлабки натижаларга кўра, сайловда Ўзбекистоннинг амалдаги президенти Шавкат Мирзиёев беш номзод орасидан энг кўп – 80,1 фоиз овозни қўлга киритгани маълум бўлди. Мавжуд қонунчиликка кўра, у иккинчи муддатга қайта сайланди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) кузатувчилар миссияси сайловлар юзасидан дастлабки ҳулосаларини эълон қилди.

“Мамлакатда яқинда амалга оширилган ислоҳотлар сабабли кўп кутилган турли ижобий ўзгаришлар бўлганига қарамай, улар чин маънодаги плюралистик муҳит ярата олганича йўқ. Хусусан, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларига бўлган баъзи эски чекловлар ҳамон ЕХҲТнинг мажбуриятларига зид эканлигича қолмоқда”, дея билдирилди ЕХҲТ кузатувчилари миссиясининг дастлабки хулосаларида.

Мазкур сайловда 21 миллионга яқин сайловчи рўйхатга олинган. Сайловчилар рўйхати кенг жамоатчиликка эълон қилинди. 2019 йилда жорий этилган Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати (СЯЭР) ушбу сайлов учун янгиланиб, янада такомиллаштирилди. Аммо интеллектуал ва психологик имконияти чекланган шахсларнинг овоз бериш ҳуқуқи бўйича чекловлар сақланиб қолмоқда, бу эса халқаро стандартларга зиддир.

Сайловда партиялар томонидан кўрсатилган беш номзод, шу жумладан, амалдаги президент ҳам иштирок этди, бу номзодларнинг бири аёл киши бўлди. Номзодларни рўйхатга олиш сайланиш учун ўз номзодини қўйиш ҳуқуқига нисбатан, хусусан, сиёсий партиялар номзодларига қўйиладиган ҳаддан ташқари қаттиқ талаблар асосида белгиланди, бу эса ЕХҲТнинг 1990 йилги Копенгаген ҳужжатига зиддир.

Шунингдек, партияларни рўйхатга олиш талаблари ҳам ўта оғир ва эркин қўлланилиши қийин белгилангани сайланиш учун ўз номзодини қўйиш ҳуқуқини ноўрин тарзда чеклайди ва сайлов муҳити плюрализм асосида бўлишига тўсқинлик қилиши баробарида сайловчилар танлаши мумкин бўлган сиёсий танловлар сонини камайтиради. Яқинда иккита партиянинг рўйхатдан ўтиш учун топширган ҳужжатлари улар тегишли талабларга мос эмаслиги учун ҳукумат томонидан рад қилинди.

ЕХҲТ Ўзбекистонда ўтадиган сайловга 26 давлат вакилларидан иборат кузатув миссиясини жўнатган эди. Шимолий Америка, Европа ва Осиёнинг 57 давлатини жамлаган ЕХҲТ дунёда тинчлик ва демократияни таъминлаш учун иш олиб бораётган йирик ташкилотдир.

ЕХҲТ ўтган ойда Ўзбекистон таклифига кўра, мамлакатда ўтадиган президент сайловига 26 давлатдан танлаб олинган кузатув миссиясини жўнатган эди. 

Президент Каримов ўлимидан сўнг ҳокимиятни қўлга олган ва муайян муддат президентлик қилган Шавкат Мирзиёев илк бор расман 2016 йилнинг декабридаги сайловда ўз номзодини қўйиб, 88 фоиздан зиёд овоз билан қолган учта рақиби устидан ғалаба қозонган эди. Бироқ мустақил кузатувчилар ва мухолифатдаги сиёсатчилар бу сайлов ҳам рақобатсиз ва халқаро демократик меъёрларга зид тарзда ўтганини таъкидлаб келишади. 

Eltuz.com

Тағин ўқинг
21 february 2022
Бир гуруҳ фаоллар 21 февраль куни Ўзбекистоннинг собиқ президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова коррупцион йўллар билан ўмарган пулларнинг ...
31 march 2018
Рассом Кирпи Eltuz.com
1 august 2017
Июль ойида Ўзбекистон телевидениеси ҳаётида рўй берган энг муҳим ҳодиса, шубҳасиз, «Ўзбекистон 24» телеканалининг фаолият бошлагани бўлди. Гарчи мамлакат ...
29 july 2016
Бир ҳафтадан буён Яккабоғ туманининг Самоқ, Бешкапа, Мунжир, Новқишлоқ, Ширинбулоқ, Сероб қишлоқларида яшайдиган аҳолининг лалми ерда етиштирган буғдойи маҳаллий ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...