Асосий мавзулар
28 october 2025

Ўзбекистоннинг миллиардлаб долларлик даромади қаерга совурилмоқда?

Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистон иқтисодиётига хорижий валютанинг улкан оқими кириб келяпти. 2025 йилнинг дастлабки тўққиз ойи давомида мигрантларнинг пул ўтказмалари, олтин экспорти ва ташқи қарзлар ҳисобига мамлакатга ўнлаб миллиард доллар кириб келган. Даромад ортмоқда, лекин бюджет тақчил – янгидан янги қарзлар оляпмиз. Иқтисодий ва ижтимоий муаммолар ҳам ўша-ўша. Кўпайган пул нега бирор дардимизга даво бўлмаяпти?

Марказий банк ва Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонга хорижий валюта қуйидаги уч асосий канал орқали кириб келган:

1. Пул Ўтказмалари: фуқаролар томонидан хориждан Ўзбекистонга 13,9 миллиард доллар миқдорида пул ўтказилган. Бу, асосан, меҳнат мигрантларининг оилаларига юборган маблағларидир. Бу кўрсаткичнинг юқорилиги мамлакат иқтисодиётида меҳнат мигрантларининг ҳиссаси нақадар катта эканлигини яна бир бор исботлайди. 

2. Олтин экспорти: сўнгги тўққиз ой давомида Ўзбекистон қарийб рекорд даражадаги, яъни 9,9 миллиард долларлик олтин экспорт қилган. Дунё бозоридаги олтин нархи кўтарилди ва мамлакатнинг олтин захиралари бу даромаднинг асосий манбаи бўлиб хизмат қилди.

3. Ташқи қарзлар: Бу улкан даромадлар фонида, Ўзбекистон нотўлиқ 2025 йил давомида яна 8,1 миллиард доллар ташқи қарз ҳам олган.

Ушбу уч манбадан келиб тушган умумий маблағ ҳажми 31,9 миллиард долларни ташкил этади. Бу, нафақат Ўзбекистон, балки ўртача Европа мамлакатлари учун ҳам жуда катта миқдордаги даромад ҳисобланади.

Мамлакатга кириб келган улкан маблағлар оқими бир қанча номутаносиб вазиятлар билан зиддиятга кирди:

31,9 миллиард долларлик валюта оқими ва 8,1 миллиард долларлик янги қарзларга қарамай, Ўзбекистон бюджетининг тақчиллиги ЯИМнинг 4 фоизи даражасида сақланиб қолмоқда. Бу, даромадларнинг бир қисми яширилаётгани ёки самарасиз сарфланаётганини, ёки кутилганидан анча юқори харажатлар мавжудлигини кўрсатади. Назарий жиҳатдан, бундай улкан даромадлар бюджет тақчиллигини нолга туширишга ёки ҳатто профицитга эришишга имкон бериши керак эди.

Мамлакатга бунча катта маблағлар кириб келишига қарамай, айрим ҳудудларда аҳоли ҳали ҳам иситиш учун кўмир, ўтин, тезакдан фойдаланмоқда. Газ, электр энергияси таъминотидаги узилишлар, ижтимоий ва инфратузилма муаммоларининг сақланиб қолиши, бу миллиардлаб доллар маблағнинг иқтисодиётнинг энг муҳим тармоқларини ривожлантиришга йўналтирилмаётганидан далолат беради.

Бундай юқори даромадлар шароитида ҳам қўшимча 8,1 миллиард доллар қарз олиш қарори умуман тушунарсиз. Агар даромадлар ҳажми харажатларни қоплашга етарли бўлса, янги қарз олиш зарурати қаердан пайдо бўлмоқда?

Саволларни янаям аниқлаштирсак:

Мамлакатга кириб келган салкам 40 миллиард доллар ва ундан ҳам кўпроқ маблағларнинг қанча қисми инвестиция, импорт ёки бошқа каналлар орқали мамлакатдан чиқиб кетган? Бундай маълумот оммага очиқ тақдим этилмайди. 

Улкан маблағларнинг катта қисми қаерга йўналтирилмоқда? Нега ҳеч бўлмаса биттагина туманнинг йўл-кўчасини ойнадек текислаб қўйёлмаймиз? Юнескони кутиб оляпмиз деб кўкрак керамиз. Йўллар расво, биттагина тезюрар поезд бўзчининг моккисидек тинимсиз ишлаяпти. Юнескога мезбонлик қилаётган Самарқандда жамоат ҳожатхоналари тартибланмаган.

Ҳеч бўлмаса Ўзбекистон иқтисодиётига пул ўтказмалари, олтин экспорти ва ташқи қарзлар орқали катта миқдордаги валюта оқими кириб келаётгани шубҳасиз. Бироқ, бу улкан молиявий ресурсларга қарамай, бюджет тақчиллигининг сақланиб қолиши, қўшимча қарзларнинг олиниши ва аҳолининг турмуш даражасидаги асосий муаммоларнинг мавжудлиги маблағлардан фойдаланиш самарадорлиги ва шаффофлиги борасида жиддий хавотирларни туғдиради.

Мамлакат иқтисодий сиёсатининг асосий мақсади бу даромадларни аҳоли фаровонлигини оширишга ва иқтисодий ривожланишга хизмат қиладиган самарали ва шаффоф тизимни яратиш бўлиши керак. Жамоатчилик эса, бу «миллиардлар қаерда» деган саволга аниқ ва асосли жавоб олиш ҳуқуқига эга.

Тағин ўқинг
31 october 2015
Ўтган йили шу пайтларда украиналик қочқинлар кўп эди. Ҳужжат ишларим сабаб тегишли ташкилотларга бориб тураман. Кўп йиллардан буён қатнайвергач ...
5 july 2016
Kun.uz интернет сайти «Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компанияси матбуот хизматига асосланиб хабар беришича, 2016 йил пахта ҳосилини тортиш, тўғри ва тезкор ...
26 june 2023
Ўзбекистон халқ артисти, ўзбек театри ва киноси актёри Ҳусан Шарипов 2018 йилнинг 26 июнида 81 ёшида оламдан ўтган эди. ...
5 october 2018
26 августгача президент девони деб юритилган тузилма эндиликда президент администрацияси деб аталмоқда. Шу админстрация раҳбар ўринбосари, президент матбуот котиби ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...