Cатира
24 march 2018

«Лўлининг эшагини сўй – пулини ол»

Фарғонанинг Қўштепа туманидаги лўлилар яшайдиган маҳаллада эшак сўйиб сотиш саноат миқëсида амалга оширилган.

Шу йилнинг март ойи ўрталарида «Элтуз»га етиб келган хабарларга кўра, сўйилган эшак гўшти Тошлоқ туманида сомса қилиб сотилган.

Эшак гўшти билан боғлиқ жанжал бундан олдин ҳам матбуотга мавзу бўлган эди.

Дастлаб Самарқанд вилоятида яширинча эшаклар сўйиб сотилгани ҳақида «Элтуз» 2016 йилнинг декабрида очиқлаган эди.

«Элтуз»га етиб келган фото ва видеотасвирларда жар ёқасидаги беҳисоб скелетлар ётган эшак қабристони акс этган эди.

«Ўзбекистон 24» канали орқали «сазойи» қилинган фарғоналик қассоб Озод Ботиров

Кўплаб эшакларнинг шу ернинг ўзида чала сўйилгани, уларнинг уйилиб ётган қонталаш гўштлари ва териларини кўриш мумкинлиги қассоблар ҳаром-ҳариш бу ишни тезроқ якунлашни кўзлаганидан ҳам далолат беради.

Воқеани «Элтуз»га изоҳлаган айрим мутахассислар эшакларнинг териси ва суяги учун сўйилганини тахмин қилишган, суяги тегирмонда майдаланиб, мол озуқасига қўшилишини айтишганди.

2017 йилнинг ноябрига келиб, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент эшак гўшти Тошкентнинг машҳур «Шаршара» бренди остида чиқарилган колбасаларга қўшилганини тасдиқлаган эди.

Таниқли ўзбек кинотасвирчиси Абдулазиз Маҳмудов «Элтуз» билан суҳбатда эшак гўштини сотиш совет даврида ҳам мавжуд бўлганини билдирди.

«Ҳамма жойларда илгаридан бор эди бу ҳолат. Мен 1981 йили Қорақалпоғистонга сафарга боргандим. Берунийдан Нукусгача чўлда кабобхоналар бўларди… Биз вақти-вақти билан тўхтаб овқатланганмиз…

Кабоблари жуда ширин, гўштлари катта-катта, орасида қўй думбаси билан бир сихи арзимаган 50 тийин турарди…

Нукусга етиб бориб, кабобни мақтасак, бизнинг устимиздан қорақалпоқ дўстларимиз кулган… Ээээ, нодонлар, эшак гўштини егансанлар, деб изза қилишган», дея эслайди суҳбатдош.

Эндиликда эшаклар Фарғонада ҳам кўплаб сўйилаётгани, гўшти эса сомсага ишлатилаётгани 23 март куни «Ўзбекистон 24» канали орқали прайм-таймда намойиш қилинди.

Ҳали айби суд тарафидан аниқланмаган қассоблар, айбсизлик презумпциясига зид тарзда, кўрсатувда оммавий сазойи қилинди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
29 february 2016
Ўзбек газеталарини ўқиркан, тағин ташвиқот пардаси ортидаги жамият муаммолар, вақтида берилмаётган иш ҳақи, матбуотда урчиётан ёлғонлар, синаётган корхоналар ва ...
18 august 2018
Муҳаммад Бекжонни 2000 йилнинг июнида ойналари қорайтирилган, “нам асфальт” рангли енгил “Форд” автомобилида ИИВ ертўласига олиб кетишади. У Каримовдан ...
15 april 2016
Ўзбек матбуотига берган интервьюларида режиссер янги фильм воқеалари ўтган асрнинг 90 йиллари бошида, Ўзбекистон эндигина мустақиллика эришга даврдаги тарихий ...
15 august 2019
Комил Алламжоновнинг блогерлар постлар остидаги изоҳлар учун ҳам жавобгар бўлиши ҳақидаги баёноти қизғин муҳокама қилинмоқда. Шу муҳокамаларда кўзим тушган ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...