Cатира
18 july 2018

Буғдойини давлат тортиб олган фермер сомонга умид қилмоқда

“Биз фермерликнинг энг яхши даврларини ўтказиб қўйган эканмиз. Бу йилги аҳволимиз шундай далолат бермоқда”.

Бу қашқадарёлик бир фермернинг эътирофи. У узоқ йиллардан буён фермерлик қилишини, лекин бу йилгидек босимга анча вақтдан бери дучор бўлмаганини айтди.

“Ҳали ғалла бўйича режани бажармаган йилим бўлмади. Шунга яраша қолган буғдойни уйимга тўкардим, ишчиларимга тарқатардим. Бу йилги буғдой эса бошга битган бало бўлди”, дейди фермер.

Унинг сўзларига кўра, буғдой режаси бўйича шартнома икки марта қайтадан тузилган. Биринчи шартнома бекор қилиниб, ўрнига фермерга янада кўпроқ ғалла топшириши белгиланган бошқа шартнома имзолатилган. Бундан ташқари, бу шартномага қўйимча равишда яна ўн фоиз ортиқча ҳосил топшириш бўйича мажбурият ҳам юкланган.

“Аммо ҳокимлик мажбуриятни бажарган фермерларга ҳам ортиқча ғаллани ўзига олишга рухсат бермади. Ёки режасини бажармаган фермерга сотишимиз, ёки ҳаммасини давлатга топширишимизга мажбур этди”, деб нолиди фермер.

Қашқадарёлик фермернинг айтишича, ўтган йили 45-50 тонна ортиқча буғдойни ўз уйига тўктирган. Шундан ишчиларига берганидан ортганини сотиб, пахта етиштириш учун сарфлаган.

Фермернинг бешта доимий ишчиси бор. Уларга 3 тоннадан ғалла бериши керак. Қолаверса, мавсумий ишчиларга ҳам сомон ва маълум миқдорда ғалла билан ҳисоб-китоб қилиши лозим.

Лекин барча ғалласини давлатга топширгани сабабли ишчиларининг олдида уятли бўлиб турибди. Энди қандай қилиб бўлмасин, улар билан ҳисоб-китоб қилиш йўлини топиши шарт.

“Бу йил пилласи ҳам бошқа битган бало бўлди. Пилланинг кўп қисми ўлиб қолди. Тепадагилар ўрнига пул тўлашимни талаб қилишди. Қайсидир ҳисоб рақамига 6 миллион сўм тўлаб келдим. Катталар бу пуллар хайрия учун ишлатилишини айтди”, дейди фермер.

Аммо у ўзи каби фермерлар топширган пул хайрияга ишлатилишига ишонмайди. Бу пул “туя” қилиниши ҳақиқатга яқин, дейди фермер.

Унинг билдиришича, ҳозир фермерларга кредит бериш олдингилардан кўра анча енгиллашган. Шунга қарамай, ҳамма ҳам кредит олиш иштиёқида ёнаётгани йўқ. Чунки худди олдинги даврлардагидек, фермер ўз ҳисоб рақамига ўзи тўла эгалик қила олмайди.

“Олдин ҳам ғалла ўраётган пайтда милиция, ҳокимиятдагилару яна аллакимлар даланинг бошида туриб оларди. Лекин режани бажаргандан сўнг битта-иккитаси қоларди, қолгани бошқа фермерга кетарди.

Қолганларига 200-300 кило ғалла бериб, ҳосилни тез ўрдириб, уйга ташиб олардик”, дейди фермер.

“Ҳозир эса уларнинг ҳам нафси ўпқон бўлиб кетди. Бир нарса бериб, ортиқча ҳосилни ўзимизга олиб қолайлик десак, сўрагани осмон қадар.

Бунинг устига, ҳаммаси буғдойни тўлиқ ўриб бўлгунча тепамизда тургани учун ўзимиз ғалласиз қолимизга кўниб ўтирибмиз”, деб қўшимча қилади у.

Фермернинг таъкидлашича, бу йил сомон анча қиммат. Шунинг учун у ўз ишчилари билан ҳисоб-китоб қилиш учун сомоннинг пулига кўз тикиб турибди.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
15 november 2025
1988 йили Урганчда ўтириб Америка овози радиоси  орқали АҚШ президенти Роналд Рейган нутқини тинглаб энтиккан эдим.  Орадан шунча йил ...
14 january 2026
Зарафшон – мамлакатнинг олтин гултожи. 2025 йилнинг бошидан сентябрига қадар Ўзбекистоннинг олтин экспорти рекорд даражага етди – 9.9$ миллиард ...
29 july 2018
Ўзбекистонда энг узоқ муддат қамоқда ўтирган журналист ва собиқ сиёсий маҳбус Муҳаммад Бекжон ўзбек турмасидаги ҳаётига бағишланган биринчи китобини ...
7 april 2016
Ўзбекистонликлар орасида сўнгги кунларда авж олган 16 ва 32 килограммлик полвонтошларни қидириш васвасаси машҳур «Олтин девор» пъесасини эслатади, фақат ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...