Cатира
12 september 2019

Гўштхўр амалдор ёки бир туюр гўштга маҳтал халқ

Ўзининг “Америка касаллиги” билан оғриганини тан олган амалдор халқни кўп гўшт еб қўяётганликда, бунинг натижасида гўшт нархи кўтарилиб кетаётганликда айблади. 

Озуқа етишмаслигини гўшт нархи кўтарилиб кетаётганига биринчи сабаб сифатида келтирган Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Ҳайитовнинг гаплари овқатига бир бўлак гўшт солиш имкониятига эга бўлмаган кўпчиликка масхаралашдек туюлмоқда.

“Гўшт нархи нега қимматлаб кетяпти деб ўйлайсизлар?.. Шунчалик кўп гўшт емоқдамизки, бунинг натижасида кўпгина касалликлар пайдо бўляпти. Буни “Америка касаллиги” дейишади, бу касаллик менда ҳам бор, ҳаммамизнинг танамизда ортиқча гўшт бор. Мен фақат гўштни айтмаяпман, овқатланиш маданиятимиз йўқ”, деди мамлакат фермерларининг етакчиси.

У кўпгина туманларда мутасаддилар фермер хўжаликлари майдонларида озуқабоп экинлар экиш ва етиштиришга қаршилик кўрсатаётгани, фермер ўз хўжалигида экинларни эркин жойлаштира олмаслиги, озуқа захираси етишмаслиги эса ўз ўрнида гўшт ва сут маҳсулотлари нархига таъсир ўтказаётгани ҳақида мурожаатлар борлигини ҳам маълум қилди.

Совет даврида пахта майдонларида алмашлаб экиш кенг тарқалган амалиёт эди. Аммо мустақилликдан сўнг марҳум давлат раҳбарининг ҳар бир катта маърузаси ёки қабул қилган ҳужжати ортидан “ислоҳотларнинг янги босқичи”га ўтаверган Ўзбекистонда бу амалиёт йўқолди. 

А.Ҳайитов эса янги президент алмашлаб экишга рухсат берганини билдирди. 

“…бу йил биринчи бор президент қарори асосида пахтачилик хўжаликларининг 10 фоиз майдонида беда экини етиштиришга рухсат берилди. Эндиликда фермер бошқа экинлар бўйича белгиланган ҳосилдорликни таъминласин ва 10 фоиз майдонда чорва учун озуқа ҳам эксин”, деди Актам Ҳайитов.

Бу каби баёнотлар Ўзбекистонда гўшт нархининг мунтазам ошиши фонида янграмоқда. Зеро, аҳоли мазкур нарх ошишининг тўхташига умид қилмаётир.

Сўнгги маълумотларга кўра, Наманган ва Андижонда суякли гўшт 48-50 минг сўм, Фарғонада 50 минг сўмдан сотилмоқда. 

Тошкентда ҳам бундай гўшт нархи 50 минг сўм, аммо лаҳм гўшт баҳоси 60 минг сўмгача боради. 

Тўғри, махсус ташкил этилган ярмаркаларда суякли гўшт нархи 35-38 минг сўмдан. Аммо уларга шунчалик кўп суяк қўшиладики, охир-оқибатда соф гўштнинг нархи бозордагига тенг бўлиб қолади. 

Тошкентдаги қассоблардан бирининг айтишича, бунинг учун битта молнинг гўштига икки-учта молнинг суяги қўшиб сотилади. Натижада улар зарар кўришдан сақланади.

Сирдарёлик қассобнинг айтишича, қишлоқларда ҳафтасига бор-йўғи ярим кило гўшт билан рўзғор ўтказаётганлар сони жуда кўп. Чунки одамларнинг кўпроқ гўшт олишига молиявий қурби етмайди.

Бу эътирофлардан кўриниб турибдики, амалдорларнинг халқни кўп гўшт еяётганликда айблаши мавжуд муаммони хаспўшлаш, айбни аҳолининг зиммасига юклашдан бошқа нарса эмас. 

“Элтуз”нинг Ўзбекистондаги ҳамкори
Eltuz.com

Тағин ўқинг
21 august 2024
Рақобат қўмитаси 40 га яқин пахта тўқимачилик ва ёғ-мой кластерлари томонидан юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларнинг нархлари сунъий оширилганини ...
1 february 2016
2016 йил 27 январь куни BJ’s Wholesale Club чакана савдо компанияси Пахта мажбурияти (Cotton Pledge)га имзо чеккан 200 дан ...
5 may 2017
Президент Мирзиёев, 27 апрел куни, Жиззах вилоятидаги мажлисда амалдорларни кунига 8 соат ўрнига, 18 соатдан ишлаши кераклигини тайинлади. «Мен ...
11 march 2022
Бугун 11-март. Яъни 8-март халқаро хотин қизлар байрамидан  3 кун ўтди. Элтуз каналининг Ютубдаги обуначилари сони 300 мингдан ошди.  ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...