Асосий мавзулар
7 may 2024

7 май – Радио куни

7 май Радио куни сифатида нишонланишини ҳали совет даврлариданоқ билар эдим. Аммо 7 май оталар куни эканини Германияга ҳижрат қилгач билдим.

Раҳматли отам Ражаббой Бобожон бутун умрини радиога бағишлаган эди. Бугунги радио кунида отамни эслайман.

Отам (Аллоҳ раҳмат қилсин) Ражаббой Бобожон 40 йил мобайнида Ўзбекистон радиосининг Хоразмдаги махсус мухбири бўлиб ишлади.

Отамнинг иш майдони Хоразм вилоятининг бутун ҳудудлари эди. Зил-замбил «репортёр» магнитофони билан отам Питнакдан Дўсимбийгача, Моноқдан Овшаргача бўлган масофани пикап «Москвич»да кезиб репортажлар ҳозирлар эди.

Брежнев дастурхонига Хоразм қовунларини етказиб берадиган Матвафо ота ëки Никита Хрушчевнинг шахсий дўсти Искандар Дўсов отам ҳозирлайдиган репортажлар қаҳрамони эди.

Радиобошловчи Қодир Махсумов «Хоразмдаги мухбиримиз Ражаббой Бобожонов биз билан жонли алоқада, ассалому алайкум, Ражаббой оға», дейиши билан отам баланд овозда «валайкум ассалом, Қодиржон», деб репортажни бошлар эди.

Жонли алоқа Урганч куранти тагидаги алоқа бўлимидан махсус УКВ канал орқали амалга оширилар эди.

Отам уйдаги улкан магнитофондаги ош ейдиган лаган катталигидаги тасмаларни ацетон билан ëпиштириб монтаж қилар эди.

Респондентларнинг тасмалардаги овози эса текстга туширилиши лозим эди.

Менга зўрға бўйим етадиган улкан магнитофон тугмаларини босиб ўчириш каби зерикарли вазифа тушар эди.

Отам тасмадаги овозларни эшитиб, жумлама-жумла машинкада чиқиллатар эди.

Монтаж бўлган якуний маҳсулот эса зудлик билан Урганч аэропортига етказиларди.

Учувчилар тасмани Тошкент аэропортидаги махсус қутига ташлашар эди. Радио ходимлари эса бу тасмани олиб эфирга қўйишар эди.

rasm1143
Шуҳрат ва Ғайрат Бобожоновлар

Тошкентдан 1000 км узоқликдаги Хоразмдан ëзилган лавҳа икки соат ичида эфирга узатилар эди.

Мен бу касб билан шуғулланишни ҳеч қачон орзу қилмаган эдим.

Шоир, рассом, киночи бўлишни орзу қилардим. Рассом бўлиб эътироф қилиндим ҳам.

Аммо бундан 21 йил олдин, 1994 йилнинг 12 апрелида тележурналист бўлиб эфирга чиқдим.

Ўзбекистон тарихидаги илк мустақил телеканал TV ALC дастурини ўша куни Хоразм, Бухоро, Қорақалпоғистон ва Туркманистондаги миллионлаб одамлар кўрди.

Биз ТВ зона 4-тизими орқали Москва дастури бериладиган каналдан чиқиб, Москва дастурларини кутаëтган ўртоқларга «Жаноблар ва хонимлар», деб мурожаат қилдик.

Москванинг «Время» дастури ўрнига «Дигиржак» (Ғилдирак) деган махсус дастурни намойиш қилдик.

Ана шундан кейин рисқу насибам ота касби билан боғланди.

Мана, 16 йилдан ошибдики, радиожурналистика билан шуғулланаман. Ота касбида энди.

Шуҳрат Бобожон,
«Озодлик» радиоси журналисти

Тағин ўқинг
3 january 2019
Швеция пойтахти Cтокгольмнинг Солна тумани судида террорчиликни молиялаш ва терактлар тайёрлашда гумон қилиниб ҳибсга олинган 6 нафар ўзбек устидан ...
15 january 2024
77 ëшида оламдан ўтган таниқли олим¸ профессор Толиб Худойбердиев жанозаси 13 январ куни Андижонда ўқилди ва Шахрихонда тупроққа берилди. ...
7 december 2025
1941 йилнинг 7 декабрь куни (маҳаллий вақт билан 8 декабрь) фашистлар Германиясига иттифоқчи бўлган Япония Америка Қўшма штатларининг Пёрл-Харбор ...
6 august 2020
Лос-Анжелесда жуда қимматга баҳоланган учта инвестиция объекти бир вақтнинг ўзида сотувга қўйилди. Ҳашамдор кўринишдаги ушбу виллалар 5,995 миллиондан 6,495 ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...