Асосий мавзулар
15 november 2016

Ўзбек сайти пластик картани фельетон қилди

Ўзбекистон матбуотида фельетон жанри деярли йўқолиб бўлган, десак янглишмаймиз. Босма нашрлардаги бу нуқсонни электрон ОАВ тўлдиришга уриняпти, шекилли. Сўнгги вақтларда улар бир оз эркин нафас олишга интилаётгани бунга сабаб бўлса, не ажаб.

Sof.uz сайтида «Ҳийлаи шаръий» (пластик карта машмашаларига оид фельетон) сарлавҳали мақолани ўқиб кўнглимиздан шундай фикрлар кечди.

Фельетон Ғафур Ғуломнинг бир қаҳрамони бошқа хотинга уйланиш ташвишидан ўз хотинини эмиб қўйиб, унга фарзандлик мақомига эришиш орқали қутулгани, Ойбекнинг бой қаҳрамони эса закот тўлаш фарзини бир камбағалга от-арава эҳсон қилиб, уни бир чақага қайта сотиб олиб адо этгани тўғрисидаги ҳикояларга мурожаат билан бошланади.

«Шу воқеалардан кейин юз йил ўтибди ва уларнинг авлодларига пластик карта номли матаҳ жорий қилинибди. Асли пластик карта билан қоғоз пулнинг қиймати бир хиллиги ҳатто алифбе китобида ҳам қайд этиб қўйилган экан. Аммо амалда бир хил эмаслигини тан олиш худди Андерсен эртагидаги “Қирол яланғоч-ку!”- деб қичқиришдек ҳисобланаркан», дея истеҳзо билан давом этади муаллиф.

У бугунги кунда Ўзбекистон бозорларида кичик товарларга 2 хил (нақд ва пластик карта), катталарига 3 хил (нақд, пул ўтказиш ва пластик карта) нарх мавжудлигини айтади. Масалан, шакар нақд пулга 3600, пластикка 4200 сўмга сотилишини жамият мақбул ва лозим ўлароқ қабул қилаётганини таъкидлайди.

«Бу замонда магазинга кириб савдо қилсангиз, “пластикка бўлса, устига ўн фоиз қўшимчаси бор”, деб айтиш урф бўпти. Чунки сотувчи, янаям аниқроғи дўкон эгаси пулини банкдан нақдлаштиролмайди. Солиқчи эса ундан нақд пул сўрашини қўймайди», дейилади фельетонда.

Муаллиф давлат идоралари бу муаммони ечиш ўрнига кўзбўямачиликка ўтиб олганига шаъма қилади ва «ҳар бир савдо марказига “пластик учун устама олинмайди”, “кимки пластикка савдо қилишда устама қўйса, адабини бераман”, деган ёзувларни илдириб, ишонч телефон рақамигача ёздириб қўйгани»га эътиборни қаратади.

«Виртуал пулни банкда тўлиқ нақдлаштириш мумкинлигига ишониш учун кў-ўп содда бўлиш керак. Виртуал ва нақд орасидаги 10-20 фоиз фарқни қайси ўпқон ютишини изоҳлаган иқтисодчини эса Швецияда Нобел кутяпти», дейди муаллиф.

Фельетонда кўтарилган муаммо бугун ёки кеча пайдо бўлиб қолгани йўқ. Анча вақтдан бери мавжуд. Ҳатто баъзи нашрлар юрак ютиб бу мавзуни кўтариб ҳам чиқди. Лекин ҳукумат уни ҳал этиш учун ярим қадам ҳам қўяётгани йўқ.

Шунинг учун ишбилармонлар орасида «Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига ёзиб ҳам виртаул пулни нақд қилиб бўлмайди», деган истеҳзоли ҳазил пайдо бўляпти.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
24 april 2018
Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга ташрифи муносабати билан 24 апрель куни Хоразм вилоятида минглаб талаба ва ўқувчи кўчаларга чиқарилиб, ...
30 january 2021
Жорий қиш мавсумида мамлакатнинг уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизими нафақат яроқсиз, балки одамлар учун хавфли экани маълум бўлиб қолди. ...
16 march 2018
Бобомурод Абдуллаев иши бўйича 15 март куни ўтган суд мажлисида Республика суд тиббий экспертизаси хулосасига кўра, журналистга нисбатан қийноқлар ...
17 march 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ гирдини ҳам онтариб қарайди. ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...