Асосий мавзулар
30 december 2016

Цензура идораси тугатилгач Ўзбекистонда ҳамма цензорга айланди

Айни кунларда «мустақил газета» деган баландпарвоз мақом билан чоп этиладиган «Ҳуррият» нашрининг илк сони чиққанига 20 йил тўлаётир.

Шу муносабат билан «Ҳуррият»да (28.12) газетанинг дастлабки йиллардаги фаолият эсга олинди. Эътиборлиси, газетанинг биринчи муҳаррири бўлган журналист Карим Баҳриевнинг номи ҳам биргина жойда қистириб ўтилди.

«Дастлабки кунлар, йиллар» сарлавҳали мақолада газетанинг илк сонини тайёрлашда ўша пайтларда турли нашрларда ишлаётган журналистлар бел боғлаб ёрдам бергани айтилади.

«Газета шиддат билан фаолиятга киришди – жамоатчилик чоршанбани интиқлик билан кутадиган бўлди. Чунки «Ҳуррият»да қандайдир кутилмаган мавзуда мақола чиқиши одат тусига кириб бораётган эди», дейилади мақолада.

Муаллиф шундай ўткир мавзуларда мақолалар бераётган газета цензурасиз босилганини, барча масъулият таҳририятга, таҳририят раҳбариятига юкланганини таъкидлайди.
«Беш йил «Ҳуррият»ни чиқарган бўлсак, «Бизни цензура ўқимайди», деган гапимизга жуда камдан-кам одам ишонарди. Ишонгани ҳам «Йўғ-э» деб қўярди», дейди муаллиф.

Ўша пайтда цензура йўқлигига ишонган одам камдан-кам бўлганини тушуниш мумкин. Бунинг сабабини ҳам «Ҳуррият»нинг ўзи кўрсатиб берган.

Маълум бўлишича, мустақилликнинг илк йилларидан мамлакатда цензура бекор қилингани ҳақида гаплар ёлғон экан. Аслида 2002 йилгача Давлат матбуот қўмитаси инспекцияси ҳар бир газетани «назорат тартиби»да ўқиб берган экан.

Ҳатто бу инспекция 2002 йилда президентнинг Америкага ташрифи таассуротларини мақола қилган шоир Эркин Воҳидовнинг «Юртимизда демократия тўла қарор топди, дея даъво қилсак муболаға бўлади», деган гапларига ҳам эътироз билдиргани, фақат шоир барча масъулиятни зиммасига олгани учун улар ўзгаришсиз босилгани эсланади.

Шундан кейин қандайдир тадбирда шоирни бу мақоласи учун мақтаб, бўлиб ўтган воқеадан хабар топган президент инспекция фаолиятига барҳам бергани билдирилади.

«Шундай қилиб, Эркин Воҳидовнинг публицист сифатидаги жасорати туфайли ижодкорлар йўлидаги тўсиқ олиб ташланди», дея хулоса қилади муаллиф.

Бугун эркинроқ фикрлайдиган журналистлар билан шу мавзуда суҳбатлашиб қолсангиз, улар цензура идораси йўқ қилинганидан афсусланиб ҳам қўяди.

«Ундан кўра ҳамма масъулиятни зиммасига оладиган бундай идоранинг бўлгани яхши эди. Чунки ҳозир барча – бош муҳаррирлардан тортиб оддий журналистигача цензорга айланиб қолган. Шунинг учун бугунги газеталарнинг аҳволи абгор», дея ёзғиради улар.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
15 october 2018
Жиззах вилоятининг Дўстлик ва Арнасой тумани бозорлари ёпиб қўйилди. Бозорларнинг дарвозалари фақат кечки 17:00да очилмоқда. Бозор қоровулларининг билдиришича, «катталар» ...
1 september 2021
“Элтуз” таҳририяти фейсбук мессенжери орқали ваҳимали, айни пайтда хавотирли бир мурожаат олди. У ўзини “ИИВнинг халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминловчи ...
5 august 2025
Яқинда Қашқадарё вилояти Кукдала туманида аҳоли учун маиший газ балонларини тўлдирадиган заправкада содир бўлган портлаш ортидан, расмийлар чоп этган ...
11 october 2018
Москванинг Тверь тумани суди 24 октябрда Ислом Каримовнинг биринчи хотинидан бўлган ўғли 52 яшар Пётр Каримовнинг «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...