Асосий мавзулар
8 march 2017

Рус разведкачисининг сирли ташрифига муносабатлар йўқ

Россия Ташқи разведка хизмати директори Сергей Наришкиннинг Ўзбекистонга сирли ташрифи на маҳаллий матбуотда, на биз кузатишга муваффақ бўлган рус матбуотида атрофлича ёритилмади.

Рус махфий хизматларидан бирининг раҳбари Ўзбекистон раҳбари томонидан қабул қилингани тўғрисида умумий гаплардан нарига ўтилмаган маълумотлар тарқатилди, холос.

«Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, мамлакатларимизнинг замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш соҳасидаги ўзаро ҳамкорлиги юксак даражада эканини алоҳида таъкидлади», деб ёзди, масалан, «Халқ сўзи» газетасида ЎзАга таяниб (01.03).

Хабарда «суҳбат чоғида экстремизм, терроризм, наркотрафик ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани» билдирилади.

Шунингдек, С.Наришкиннинг «давлатларимиз хавфсизлигини таъминлаш борасидаги долзарб вазифаларни бажаришдаги ўзаро ҳамкорлик даражасини юқори баҳолагани» айтилади.

Бор гап шу. Албатта, бундай учрашувларда қандай конкрет масалалар кўтарилиши ҳақида маълумот олиш жуда қийин иш. Шунга қарамай, икки давлат муносабатлари ва халқаро майдондаги воқеалар ривожи асосида қандайдир мулоҳазаларни айтиш мумкин эди.

Масалан, Марказий Осиё давлатлари бўйлаб сафарга чиққан Россия президенти Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда бўлиб, Туркманистон раҳбари билан телефонда суҳбатлашган бир пайтда нега Ўзбекистонга келмаганини тушуниш мумкин.

Яқин кунларда Ўзбекистон раҳбарининг Россияга ташрифи кутилаётгани бу саволга жавоб топиш имконини беради.

Лекин нега айни шу кунларда С.Наришкиннинг Тошкентга ташрифидан муддао нима? Балки Ўзбекистонда бугунги кунда ҳам давом этаётган ҳокимият ўзгаришларига таъсир ўтказишдир?

Ёки ўзбек махфий хизмати атрофида кундан кунга урчиётган турли ваҳимали миш-мишларга доир бирорта маълумотни Ўзбекистон раҳбари билан баҳам кўриш, шу орқали унинг Россияга мойиллигини кучайтиришга уринишмикин бу сирли сафардан мақсад?

Сўнгги вақтларда Афғонистонда ўзбек генерали, мамлакатимизнинг жанубий чегараларидаги вазиятнинг барқарор бўлишида ўзига хос роль ўйнайдиган Абдурашид Дўстимнинг мавқеини сустлаштиришга қаратилган ҳаракатлар бормоқда.

Балки рус разведкачилари раҳбари бу борада Ўзбекистон учун муҳим бўлган бирор маълумот билан ўртоқлашгиси келгандир?
Рус Ташқи разведка хизмати директорининг Тошкентга сафари расмий эмас, амалий ташриф мақомига эгалигининг ўзи унинг расмиятчилик учун эмас, қандайдир жиддий масалалар юзасидан гаплашиш учун келганидан даракдир.

Нима бўлганда ҳам у Ўзбекистонга шунчалик келиб-кетмагани аниқ.

Юқорида айтилганидек, бу ҳақда аниқ маълумотларга эга бўлиш имконияти деярли йўқ. Шунга қарамай, ҳеч бўлмаса, биз келтирган саволлар атрофида салгина мулоҳаза қилинса, кўпчиликни қизиқтирадиган гаплар айтилиши мумкин эди.

Афсуски, ҳозирги ўзбек матбуоти бу каби мулоҳазаларни ўз муштарийлари билан баҳам кўриш салоҳиятини йўқотган.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
5 september 2017
5 сентябрдан Ўзбекистонда конвертация эълон қилиниб, АҚШ доллари эркин савдога чиқарилди. Элтуз нашри мухбири Тошкентдаги бир қанча шохобчаларда валюта ...
24 november 2021
Рассом Кирпи
16 february 2017
Россия матбуоти, 14 феврал куни Калининград аэропортида ёнида 15 кг қурути бўлган Ўзбекистон ватандоши ушлангани ҳақида хабар берди. Маълум ...
26 april 2018
Андижон шаҳридаги 18-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси 22 апрель куни ўсмирлар ўртасидаги ўзаро жанжалда пичоқбозлик қурбони бўлди. Мактаб жойлашган маҳалла ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...