Асосий мавзулар
27 august 2018

GM Uzbekistan. Нарх ошди, атроф жим-жит…

Ўзбек жамиятидаги кескин норозиликка қарамай, GM Uzbekistan компанияси ўзи ишлаб чиқараётган автомобиллар нархини оширганини эълон қилди.

Компания матбуот хизматининг хабар беришича, айрим автомобиль моделлари нархи ўртача 7,7 фоиз оширилган.

Маълум бўлишича, нархларни ошириш қарори бир қанча вазирлик ва идоралар вакиллари, аҳоли фикри ва мулоҳазаларини эътиборга олган ҳолда қабул қилинган. Энг оммабоп моделлар – “Спарк”, “Нексия” ва “Кобальт”нинг нархи ўзгаришсиз қолдирилган.

“Ушбу қарорни қабул қилишда “Женерал моторс Ўзбекистон”нинг оғир молиявий ҳолати ва айрим автомобиль моделларини ишлаб чиқаришнинг норентабиллиги ҳисобга олинди. Аммо, аввало, акция солиғи ставкаларини оптималлаштириш ва дилерлик маржасини камайтириш ҳисобига нархлар кескин ўсишининг олдини олишга эришилди”, дейилади компания хабарида.

Таъкидлаш керакки, 30 июль куни “Ўзавтосаноат” раҳбари Шавкат Умурзоқов Халқаро пресс-клуб йиғилишида 1 августдан автомобилларнинг ўртача нархи 14 фоиз ўсишини эълон қилганди.

Шундан сўнг ижтимоий тармоқларда, ҳатто маҳаллий ОАВда ҳам кескин норозилик тўлқини вужудга келганди.

Айрим журналистлар нархларни сунъий равишда кўтариб олган монополист ташкилот бўлмиш “Ўзавтосаноат” шунча йиллардан буён халқнинг молиявий қудратини сўриб келаётгани, бу эса айрим тўдаларнинг бойишини таъминлаб, иқтисодиёт ўсишига салбий таъсир қилаётганини ёзганди.

Ҳатто Асакада автомобиль заводининг қурилиши Ўзбекистон учун фойдадан кўра зарар келтиргани ҳақида фикрлар янграганди.

GM Uzbekistan автомобилларининг хорижда маҳаллий бозордагидан арзон сотилиши учун нега ўзбек халқи товон тўлаши керак, деган саволлар ўртага ташланганди.

Мазкур норозилик тўлқинидан сўнг “Ўзавтосаноат” нархлар оширилиши вақтинча тўхтатилиши эълон қилишга мажбур бўлганди.

Аммо шундан кейин дилерлар янги нархларни кутиб, аҳолига автомобиль сотишни бутунлай тўхтатиб қўйди. Натижада маҳаллий иккиламчи бозорда машиналар сезиларли қимматлашди.

Ўшанда кўпчиликнинг эътирози сабаб бўлган ҳолатлардан бири мамлакат антимонополия идораларининг бу нарх ўсишига умуман эътибор қаратмагани бўлди.

Бу идоралар автомобиль нархининг янгидан оширилиши тўғрисидаги сўнгги қарорга ҳам муносабат билдиришни ҳали ҳам ўзига эп кўргани йўқ.

GM Uzbekistan сайтида эълон қилинган янги прайс-листга кўра, энди Captiva 260,4 млн сўм ($33,3 минг), Damas DLX – 62,8 млн сўм ($8 минг), Lacetti SX эса 107,2 млн сўмдан ($13,7 минг) сотилади.

Машиналар нархи оширилгани бу сафар на ижтимоий тармоқларда, на маҳаллий матбуотда жиддий мунозарага сабаб бўлмади.

Буни нархларнинг аввал эълон қилинганидек 14 фоиз эмас, 7,7 фоиз оширилгани, айрим оммабоп машиналар нархи ўзгаришсиз қолдирилгани билан изоҳласа бўлади.

Лекин бу соҳада ҳали жавоби топилмаган саволлар анчагина. Жумладан, нега маҳаллий бозордаги монополист GM Uzbekistan нинг молиявий аҳволини яхшилаш истеъмолчилар, яъни халқнинг ҳисобидан амалга оширилиши керак, деган масала ҳамон очиқ қоляпти.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
16 february 2019
Пул ҳамма нарсани ҳал қилади, дейишади. Менимча, сиëсат ҳамма нарсани ҳал қилади. Вақтида берилган ваъда ва одамларни ишонтириш санъати. ...
10 april 2017
Рахмат Акилов телеграм тармоғидаги ëзувлари ошкор қилинди. Ақилов доимий равишда ижтимоий тармоқларда ИШИД тарафдорлари ёки аъзолари билан алоқада бўлган. ...
15 may 2022
Тилшунос олим, академик Алибек Рустамий билан танишиш менга 1997 йилда насиб этган эди. Ўшанда Хўжанддаги божам, филолог домла Насрулло ...
16 april 2024
Элтуз порталига келган cўнгги 5 та мактуб Ўзбекистоннинг Бухоро, Тошкент, Хоразм ва Россиянинг Москва шаҳридан келган. Хатлар келишда этмоқда, муаммолар ечимини тўлиқ таъминлаш учун Элтуз каналига обуна ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...