Асосий мавзулар
21 november 2018

Реабилитация жараёнлари қачон бошланади?

“Ҳьюман райтс уотч” халқаро ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини сиёсий маҳкумларни озод қилишни давом эттириш, озодликка чиқарилганларининг реабилитация қилинишини таъминлашга чақирди. Фото: hrw.org

ҲРУнинг бу баёноти Ислом Каримов режимининг энг таниқли сиёсий маҳкумларидан бири, ёзувчи Мамадали Маҳмудовнинг номи расмий матбуотга қайтиб, унинг ўзи Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига тикланган пайтга тўғри келди.

Аммо ҳукуматнинг бу қадами собиқ маҳкумларни танлаб оқлашга (гарчи ҳали Мамадали Маҳмудовнинг расман реабилитация қилингани ҳақида маълум бўлмаса-да) ўхшаб кетади. Чунки Каримов даврида ноҳақ қамалган кўп сонли маҳкумларга нисбатан ҳали бундай жараён бошлангани йўқ.

Бундан ташқари, ҳозир ҳам Ўзбекистон қамоқхоналарида турли уйдирма айблар билан қамалган яна кўплаб маҳкумлар сақланаётгани айтилмоқда ва уларнинг озодликка чиқарилиши масаласи очиқ қолаётир.

Тўғри, янги президент Шавкат Мирзиёев даврида ўнлаб таниқли сиёсий маҳкумлар, виждон тутқунлари озодликка чиқди. Улардан айримларининг ўзини реабилитация қилиш тўғрисидаги мурожаатлари эса қондирилгани йўқ.

Масалан, мухолифатнинг энг кўп қамоқда ўтирган вакилларидан бири Самандар Қўқоновнинг кўплаб шундай мурожаатлари унинг жиноят иши ҳужжатлари йўқолгани баҳонасида рад этиб келинмоқда.

Бундай мисоллар эса кўп.

Мамадали Маҳмудовнинг ҳукумат ахборот агентлиги – ЎзАга берган интервьюсини кўпчилик ўқиб чиқди. Интервью анча жонли, очиқ чиққан бўлса-да, ҳурматли ёзувчи президент шаънига анча мадҳлар айтгани сезилиб туради.

Лекин ҳукуматнинг М.Маҳмудовга нисбатан ўзгарган сиёсати бошқа собиқ сиёсий маҳбусларнинг президентни шундай шарафлаши ортидан ҳам ўзгармаётгани эътиборни тортади.

Шунга қарамай, мазкур ёзувчига бўлган расмий муносабатнинг ўзгариши ҳукуматнинг собиқ сиёсий маҳбусларни оқлаш йўлидаги биринчи қадами бўлишига некбинлик билан қарашга асос бўла олади.

Яқинда Интерпол мухолифат етакчиси Муҳаммад Солиҳнинг номини халқаро қидирувдан олиб ташлади. Аммо Ўзбекистон ҳукумати бунга норозилик билдиргани тўғрисида маълум эмас.

Умид қилиш мумкинки, ҳукумат бундай қилишга уринмайди. Шунинг ўзи ҳам ижобий аломат бўлса не ажаб.

ҲРУ эса ўз баёнотида ҳукуматни Ўзбекистонда виждон тутқунларини, ноҳақ айбловлар билан қамалганларни озод этиш ва уларни реабилитация қилиш жараёни тизимли тус беришга чақирмоқда.

Хабарларга кўра, сиёсий маҳбусларнинг ўзлари реабилитация масалалари билан шуғулланувчи махсус комиссия тузиш лозимлиги билдиряпти.

Албатта, бундай жараённинг бошланиши Ўзбекистон ҳукуматидан улкан сиёсий иродани талаб этади.

Афсуски, ҳукумат ҳозирча бундай сиёсий иродани намойиш этишга қодир эмаслигини кўрсатиб қўймоқда.

Сардор Азим
Eltuz.com

Тағин ўқинг
24 may 2018
Бу йил мактабларда ўқувчилар «Сўнгги қўнғироқ» ўрнига президент Шавкат Мирзиёевнинг билим олишга оид гаплари шиор қилинган тадбирга сафланишаркан. Бу ...
29 may 2019
Тошкентлик қўшиқчи Абдулла Қурбоновнинг Умра сафари пайтида хоразмлик қўшиқчи Жаҳонгир Отажонов шаънига ёғдирган ҳақоратлари акс этган аудио 27 май ...
25 april 2017
23 апрел куни Стокголм ҳужумчиси Рахмат Оқиловнинг шериги дея гумон қилинаётган учинчи шахс қўлга олинди. Чечен миллатига мансуб 26 ...
12 october 2021
Қорақалпоғистонлик журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Солижон Абдураҳмонов наркотик модда ташлаб қўйилиши ортидан уйдирма айбловлар асосида тўққиз йилдан ортиқ қамоқда ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...