Асосий мавзулар
1 april 2019

Ташқи қарз кўпайишидан қўрқиш керакми?

Ўзбекистон Марказий банки мамлакатнинг ташқи қарзи ўтган йилдагига нисбатан 9,5 фоиз, яъни 1,5 миллиард долларга ўсиб, 17,3 миллиард долларга етганини эълон қилди.

Соф ташқи қарз эса 2017 йилдагига нисбатан 2 баробар ёки 2 миллиард 100 миллион доллар ўсган.

МБ бу ҳолатни давлат дастурларини молиялаштириш учун олинаётган қарзлар билан тушунтирди ва бу тенденция кейинги йилда ҳам сақланиб қолинишини билдирди.

Бу ўринда эътибор қаратилиши керак бўлган яна бир жиҳат борки, давлат томонидан кафолатланмаган хусусий ташқи қарз ўтган йил давомида 977 миллион долларга камайиб, 7,2 миллиард долларга тушган.

“Ўзбекистон ташқи қарзларни тўлашда ҳар доим имтизомли эканини кўрсатиб келган. Лекин биз четдан қарз олаётганда аксарият ҳолларда ҳукумат кафолатига таянганмиз. Бу эса иқтисодиётимизга, мамлакатда мавжуд тузумга нисбатан ишончсизлик белгисидир”, деди “Элтуз” билан суҳбатлашган таҳлилчи Аброр Худойқулов.

Унинг айтишича, сўнгги вақтларда давлат қарзлари кўпайганини тўғри тушуниш керак. Чунки Ислом Каримов президентлигидан кейин мамлакатни техник ва технологик модернизациялаш кучайган.

“Биз мамлакат тараққиётини тезлаштириш йўлидан боряпмиз. Ўтказилаётган ислоҳотлар хорижда ҳам ишонч уйғотди. Шунинг учун қарз берувчилар кўпайди. Бу ҳолатни ижобий баҳолаш тўғри бўлади”, деди таҳлилчи.

Қарздорлик кўпайиши давлат сектори улушига тўғри келди. Хусусий сектордаги қарздорлик эса қарийб бир миллиард долларга камайди.

Сиёсий тузумга нисбатан ишончсизлик одатда қарз бериш фоизлари нисбатан юқори бўлишига олиб келади. Ҳатто йирик хусусий лойиҳалар учун ҳам ҳукумат кафолати талаб этилади.

“Ўтказилаётган ислоҳотлар мамлакатимиздаги хусусий секторга нисбатан ишончни ошириб бораётгани кузатиляпти. Шунинг учун хусусий секторнинг ҳукумат кафолатисиз қарз олиш имконияти ошиб боряпти”, деди Аброр Худойқулов.

Ўтган йили Ўзбекистон хусусий секторнинг қарзлари ва фоизлари ҳисобидан 1,6 миллиард доллар тўлашга мажбур бўлди. Давлат қарзлари бўйича тўловлар эса 550 миллион долларни ташкил этди.

Халқаро рейтинг агентликлари Ўзбекистоннинг ташқи қарзи камлигини (ЯИМнинг 25 фоизидан кам) ижобий омил сифатида баҳолашмоқда. Лекин аҳоли сонига нисбатан ЯИМ ҳажмининг камлиги хавотир уйғотиб келади.

“Биз ҳозирги босқичда мавжуд қарзларимиздан қўрқмасак ҳам бўлади,- деди “Элтуз” билан суҳбатлашган таҳлилчи Аброр Худойқулов. –  ЯИМ кичик бўлса-да, тўлов қобилиятимиз кучли. Лекин эътибор бераётган бўлсангиз, қарздорликнинг ўсиши ЯИМ ўсишидан қарийб икки баробар юқори. Бу яқин бир неча йиллар давомида, тузилмавий модернизациялаш жараёнида ўзини оқлаши мумкин. Бироқ қарздорликнинг ЯИМдан кўра тезроқ кўпайиши ўрта истиқболда ислоҳотлар секинлашишига олиб келиши эҳтимоли йўқ эмас”.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон каби кучсиз иқтисодиётга эга мамлакатлар имкон қадар кафолатланган қарздорликлардан қочиши керак. Бунинг учун эса инвестиция муҳитини амалда яхшилаш, хусусий сармоялар дахлсизлигини кафолатлаш тизимини тубдан мустаҳкамлаш талаб этилади. Ўшандагина иқтисодиётни модернизациялаш учун ҳукумат кафолати талаб этилмайдиган инвестиция оқими кучаяди.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
31 december 2025
Германияда истиқомат қилаётган таниқли мустақил журналист ва ҳуқуқ фаоли Малоҳат ЭшонқулованингYouTube платформасидаги «Tarozi» (Тарозу) канали фаолияти тўхтатилди. Бунга каналга ...
18 november 2015
Обид қорига суиқасд қилган Жуковский буйруқни Тошкентдан олгани ҳақидаги айблов хулосасини Швеция прокуратураси терговчиси Кристер Петерссон 17 ноябр куни ...
10 june 2020
2010 йилнинг 10-14 июнь кунлари Қирғизистон жанубида этник тўполонлар авж олди. 400 дан ортиқ одам ўлдирилди, деярли икки минг ...
15 january 2026
Мартин Лютер Кинг нафақат АҚШ тарихида, балки бутун дунёда инсон ҳуқуқлари, тенглик ва адолат рамзи ҳисобланади. Унинг ҳаёти ва ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...