Асосий мавзулар
24 april 2019

Уйи бузилган зоминликлар етарли товон пули берилмаганидан норозилик билдиришди

Жиззах вилоятининг Зомин туманида 23 апрель куни ўтган йили «Зомин сити» қурилиши учун бузилган уйлари эвазига етарли товон пули олмаганидан норози 40 дан ортиқ фуқаро туман ҳокимлиги биноси олдига йиғилди.

«Биз туман ҳокимлиги биноси олдига эрталаб соат 10 яримларда тўпландик. Лекин ҳоким селектор йиғилишида дейишди. Кейин ўзини Жиззах ҳокими ёрдамчиси деб таништирган Камолиддин исмли шахс «ёмғирда ташқарида турманглар», деб ичкарига таклиф қилди», деди «Элтуз»га ўз исмини очиқламасликни сўраган, уйи бузилган зоминлик суҳбатдош.

Ҳоким ёрдамчиси аввалига бузилган уйлар ўрнида «Шаҳар қурилиш инвест» ширкати янги тўрт қаватли уйлар қурилиб битказгани ва яқинда эгаларига топширилиши ҳақида гапирган.

Бироқ ҳоким ёрдамчисининг гапларидан янги қурилган тўрт қаватли уйлардаги квартиралар бозор нархида ёки ипотека кредити эвазига сотиб олиниши кераклиги маълум бўлган.

Ҳокимлик расмийсининг бу таклифи норозилик билан қарши олинган. Бузилган уй эгалари уйлари нархини белгилаган комиссия ва кадастр вакилларини йиғилишга чақиришни, компенсация пуллари эркин нархда қайта белгиланишини талаб қилишган.

«Бизга ўтган йили берилган компенсация пули бу квартираларнинг энг арзонини олишга ҳам етмасди. Бунинг устига, бу квартиралар бизга торлик қиларди, чунки олдинги бузилган уйларимизда катта оила бўлиб яшаганмиз», дея изоҳлайди вазиятни «Элтуз» суҳбатдоши.

Унинг иддаосига кўра, унга ва бошқа аксарият хонадон эгаларига ўтган йилнинг март ойида бузилган уйлари ўрнига шунга яраша турар жой харид қилишга етмайдиган товон пули ажратилган.

«Масалан, бизнинг иккита ака-ука, оилаларимиз ва ота-онамиз билан яшаган саккиз хонали, барча шароитлари бор 192 кв.м ҳовли жойимиз эвазига жами 187 миллион сўм товон пули берилди. Бу пул битта укамнинг 3 хонали уйини қуриб томини ёпишга етди, холос», дейди «Элтуз» суҳбатдоши.

Унинг тағин айтишича, бузилган уйларнинг айрим эгалари бундан ҳам паст нархда товон пули олишганки, бу пул уй қурилишига ҳам етмаган. Улар ҳокимлик вакилларининг бошқа пул берилмайди, бор қаерга борсанг, деган гапларидан шокка тушиб қолишган. Шунинг учун бор пулига бошқа жойдан ер олиб, амал-тақал қилиб уй қуришга киришишган.

«Кўплари уйларни чала битказиб, қора сувоқ, сомон сувоқ қилиб кўчиб киришяпти. Уларнинг олдинги шароити бундан анча яхши эди. Энди ремонти чала уйларда яшашяпти», дейди уйи бузилган зоминликлардан яна бири «Элтуз» мухбири билан суҳбатда.

«Элтуз» суҳбатдошлари уйлари олдига бульдозер олиб келиб, бузиш ишлари зўрлик билан бошлаб юборилганини айтишмоқда.

Уларнинг сўзларига кўра, 2018 йилнинг мартида президент Мирзиёевнинг Зоминга ташрифи олдидан туман ҳокими келиб уларга «сиёсат қилган».

Президент сиёсатига қарши чиқиш мумкин эмаслигини айтиб қўрқитган ва аҳолининг комиссия белгилаган товон пули эвазига уйлари бузилишига рози бўлишдан бошқа иложи қолмаган.

«Аввалига, президент ўтиши олдидан «ҳеч бўлмаса уйларингизни бузилаётгандай кўрсатиб, шиферларини олиб қўйинглар», деб тайинлашди. Кейин комиссия нархлови асосида товон пулига розилик учун қўл қўйдириб олишди», дея эслайди «Элтуз» суҳбатдоши.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
24 september 2023
Қозоғистонда чет эл ватандошини ўғирлаб яқинларидан пул талаб қилган беш ўзбек узоқ муддатга қамалди. Қарағанда шаҳар суди 21 сентябрь ...
16 december 2016
«Халқ билан фикрлашган одам кам бўлмайди», дея мулоҳаза қилди «Ўзбекистон овози» газетаси (13.12) сайланган президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилни ...
6 august 2023
Жиззах вилояти Зарбдор туманидаги “Зарбдор” газетасининг бош муҳаррири Ғуломжон Ҳамзаев Элтузга мактуб йўллаб, мамлакат раҳбариятидан туман ҳокими Зафар Рўзиев ...
25 april 2016
«Миллий тикланиш» газетаси ўз муассиси бўлмиш шу номдаги партия ўзбек тилининг софлигини сақлаш, адабий тил меъёрлари ва қоидаларига амал ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...