Асосий мавзулар
12 november 2019

ХДП раҳбари маош ҳақида гапириб “қовун туширди”

Парламент сайлови олдидан “демократия ўйини” ўйнашга киришиб кетган партиялар раҳбарлари билиб-билмай жамиятнинг катта қатлами норозилигига сабаб бўладиган баёнотлар беришда давом этмоқда. 

Танишинг, бу сафарги “қаҳрамон” Ўзбекистон Халқ демократик партияси раиси Улуғбек Иноятов. У кишининг фикри, биринчи навбатда, Тошкентда яшаётганларни масхаралашга ўхшаб кетади. 

Хуллас, “истеъмол саватчаси” миқдори ҳақида гапирган собиқ коммунистик партия меросхўри бўлмиш ХДП раҳбарининг айтишича, Тошкентда 2,5 миллион сўм ойлик олувчи бир нафар боқувчи 7 кишидан иборат оилани боқиши мумкин. 

“Беш нафар фарзанди бор ва битта ойлик маоши билан яшаётган бўлса, 2,5 миллион ойлик олса, бемалол уйидаги беш нафар фарзанди билан… Буни иқтисодчилар ҳисоблаб чиққан”, – деди Улуғбек Иноятов.

Демак, беш фарзандли тўлақонли оилада жами 7 киши бўлади. Тўғри, баъзи нашрлар У.Иноятов 5 кишидан иборат оила ҳақида гапирганини ёзмоқда.

Аммо бу билан масаланинг моҳияти ўзгармайди. Чунки бу маблағ билан Тошкентда ундан кам сонли оиланинг ҳам ўртача даражада яшаши имконсиз эканини пойтахтда умргузаронлик қилаётганлар жуда яхши тушунади. 

Тошкентда бунча пулга яшаш эмас, омон қолиш учун курашиш мумкин, холос. 

Энг қизиғи шундаки, шу йилнинг сентябрь ойида ХДП Ўзбекистонда “тирикчилик учун зарур энг кам миқдор”ни белгилаш ташаббуси билан чиққан эди.

Энди ХДПнинг ўзи бу миқдорни партия раисининг қаричи билан жуда калта ўлчамоқда. Бу ўринда раис “қовун туширгани” сабабини Ўзбекистон тарихида сайлов олдидан сиёсий партиялар вакилларининг илк дебати чоғида мазкур масалада биринчи бўлиб гапиргани билан изоҳлаш мумкиндир балки. 

Чунки ундан кейин гапирганлар “истеъмол саватчаси” миқдори борасида жуда эҳтиёткорлик билан фикр билдирган.

У.Иноятов ўз фикрини “Буни иқтисодчилар ҳисоблаб чиққан”, дея асослашга уринганига қарамай, аслида бу гаплари ўринсиз.

Зеро, жорий йил июль ойида иқтисодиёт ва саноат вазири Ботир Хўжаев Ўзбекистонда “истеъмол саватчаси”нинг тахминий миқдори 650 минг сўм эканини айтган эди.

Буёғи оддий математика. 7*650 000=4 450 000 (ёки агар ХДП раиси 5 кишилик оилани назарда тутган бўлса, 5*650 000=3 250 000).

У.Иноятов қайси иқтисодчиларнинг ҳисоб-китобларини келтирган, буниси бизга қоронғу. Аммо ХДП очиқ расмий рақамлар билан ишлай олмайдиган бундай иқтисодчиларга суянадиган бўлса, бўлажак сайловда “косаси оқармаслиги” турган гап. 

Худди пойтахтда ойига 2,5 миллион сўмга яшаётган кўп сонли оилалар каби…

Энди Улуғбек Иноятов “қаричи калталиги” учун матбуот ва ижтимоий тармоқларнинг нишонига айланиши шубҳасиз.

Шунинг учун эртага унинг тушунтиришлари битилган баёнотларни кутаверинг. Аммо ўқ отилиб бўлди. “Мерган”нинг ўзи энди нишон вазифасини бажаради. 

Бундан аввалроқ ЎзЛиДеП раҳбари Актам Ҳайитов “кўп гўшт еяётганимиз” ҳақида чўпчак айтиб, кўплаб истеҳзоли чиқишлар нишонига айланганди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
9 august 2016
Давлат тадбирларида тор чалинмаслиги лозимлиги тўғрисида тавсиялар берилганини айтган Озодлик радиосига кўра, Ўзбекистонда тор чалиш бўйича махсус таълим тўхтатилган ...
26 september 2020
Ўзбек эстрадаси хонандаси ва кинолардаги турли роллари билан актриса сифатида танилган 34 яшар Муниса Ризаева очиқ кийинганлиги сабабли ижтимоий тармоқларнинг радикал диндор ва муҳофазакор ...
21 november 2018
Республика вилоятлари бўйлаб фермерларнинг «давлат хирмонига мўл ҳосил етказиб бериш» қасамёдига келтириши ижтимоий тармоқда кулгига сабаб бўлмоқда. 21 ноябрь ...
17 june 2025
2024 йил август ойида Сурхандарё вилояти Сариосиё тумани экология бўлими бошлиғи Усмонов Хайрулло Тўпаланг дарёсининг ўзанида ноқонуний равишда қум-товон ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...