Асосий мавзулар
8 june 2025

Халқни пули кимга сарфланиши керак?

«Ишонч» фонди атрофидаги саволлар

Тошкентлик фаол Ирина Матвиенко, «Ишонч» жамғармаси ҳузуридаги фуқаролик жамияти Маслахат кенгаши аъзоси сифатида, яқинда муҳим саволни кўтарди — унга аниқ ва асосли жавоб олиш нафақат зарур, балки ўзбек жамияти учун фойдадан ҳоли бўлмайди. Чунки гап халқ маблағлари ҳақида кетмоқда.
Ирина Матвиенко ўз фэйсбук саҳифасида 21 май куни «Гулнора Каримовадан қайтарилган, Ўзбекистон халқидан ўғирланган пуллар нималарга сарфланмоқда?» номли қуйидаги постни қолдирди:

Мен “Ишонч” жамғармасининг фуқаролик жамияти бўйича маслаҳатчи кенгаши аъзосиман. Жамғарма Гулнора Каримовадан Швейцария орқали қайтарилган маблағларни бошқаради. Яқинда жамғарма сайтида Котибиятнинг 2024 йилдаги харажатлари 2 миллион доллардан ошганини кўриб ҳайратга тушдим. Савол берганимда, жамғарма раҳбари Йонас Аструп бу маблағлар 2022–2024 йиллар оралиғида сарфланганини айтди. Мен бу харажатларни тасдиқловчи ҳужжатларни сўрадим — иш ҳақи, шартномалар ва ҳ.к. Аммо ҳеч қандай жавоб олмадим. У фақат БМТнинг харидлар сайтига қарашни таклиф қилди — у ерда эса керакли маълумотлар йўқ.
Йонас молиявий масалалар Административ агент ваколатига киришини, ва фақат кейин учрашув бўлиши мумкинлигини айтди. Лекин ҳужжатлар тақдим этилмаётган бир пайтда учрашув қандай мантиққа тўғри келади? 2 миллион доллар — бу жуда катта пул. БМТ ёки Швейцария берган ёрдам эмас, Ўзбекистон халқининг пули. Унинг ҳар бир тийини қаерга сарфланганини халқ билиши шарт. Ҳозирча эса, ҳатто биз — фуқаролик жамияти вакиллари ҳам бундан бехабармиз.

2022 йилдан бошлаб Швейцария томонидан коррупция йўли билан ўзлаштирилган ва шу сабабли мусодара қилинган Гулнора Каримовага тегишли миллионлар Ўзбекистонга қайтарилмоқда. Каримовага тегишли маблағлар Швейцария банкларида сақланиб келинган. 2022 йилда Ўзбекистонга 131 миллион доллар қайтарилган бўлса, 2025 йилда яна 182 миллион доллар юборилиши кутилмоқда. Швейцариядаги банкларда жами 900 миллион долларга яқин маблағ музлатилган.

Бу маблағлар Ўзбекистон халқи манфаати йўлида сарфланиши кераклиги – активларни қайтариш тўғрисидаги халқаро меморандумда қайд этилган. «Ўзбекистон халқи манфаати» тушунчаси кенг бўлиши мумкин, аммо аниқ режалар белгиланган: тиббиёт ва таълим соҳаларига каратилган дастурларга сарфлаш. Шу мақсадда «Ишонч» фонди ташкил этилди.

Фонд маблағларини бошқариш халқаро шаффофликни таъминлаш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) агентликларига топширилди. Аммо амалиётда БМТ – катта бюрократия, паст самарадорлик ва ходимлар учун жуда юқори маошлар билан ажралиб туради. Масалан, Тошкентдаги “Ишонч” фонди котибияти эҳтиёжларини қоплаш учун 2,2 миллион доллар сарфланган.

Муаммо нимада? «Ишонч» фонди котибиятида ишлаш учун фавқулодда қобилият талаб қилинмайди. У ҳолда, нега ходимларга юқори маошлар белгиланган? Нима учун маъмурий харажатлар бунчалик юқори? Бу саволлар жавоб талаб қилади.

Ечим сифатида маъмурий харажатларни қисқартириш, ўзбекистонлик ҳалол ва малакали мутахассисларни жалб қилиш мумкин. Энг муҳими, маблағлар қандай сарфланаётгани фуқаролик жамияти вакилларидан иборат Маслахат Кенгаши томонидан мониторинг қилиниши керак. Бу маблағлар шаффоф, ҳисобдорлик мезонлари ва жамоат манфаатига мос равишда бошқарилиши лозим.

Тағин ўқинг
31 march 2025
Ўзтрансгаз AЖ тизимидаги Магистрал газ қувурлари бошқармаларида ҳар йили берилиб келинган байрам пули негадир 2025 йилда кимнингдир ташаббуси ила ...
18 december 2017
Давлат статистика қўмитаси маълум қилган маълумотларни таҳлил этиб, расмий матбуотда «Ижтимоий фикр»га асосланиб айтилганидек, фаровонлигимиз юксалаётганини эмас, балки сўнгги ...
11 november 2020
Пост деб ёзишга арзигулик фикр ва кечинмаларим ҳам қолмабди, чамаси. Мумтоз шоира Нодиранинг: Сен на учун дунёга келдинг,Кайфиятинг баён ...
17 april 2023
1970 йилнинг бошида «Битлз»ни тарк этганидан сўнг Пол Маккартни (McCartney) ўзининг илк яккахон альбомини чиқарди. Бу вақтга келиб «Битлз» ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...