Асосий мавзулар
20 july 2017

«Тепкингиз учун қуллуқ, жаноб президент, зарбангиз айни муддао бўлди»

Ўзбекистондаги сиёсий партиялар вакиллари билан учрашувда роса уларнинг пўстагини қоққан президент Шавкат Мирзиёев партиялар нашрлари фаолиятини ҳам четлаб ўтмади.

Гарчи давлат раҳбарининг бу чиқиши юзасидан жуда кўп фикр-мулоҳазалар билдирилган бўлса-да, айнан партия газеталарининг танқид қилиниши мавзуси негадир яна четда қолмоқда.

Ҳолбуки, айнан шу газеталар кечагина ўз муассисларининг «халқ манфаати йўлидаги фидокорона меҳнатлари» ҳақида оғиз кўпиртириб ёзиб келаётганди.

Президент партияларни қайси йўналишларда фаолиятсизликда айблаган бўлса, уларнинг газеталари ўз муассисларини айни шу масалалар бўйича жуда фаол ишлаётганини тинимсиз ёритишдан чарчамаётган эди.

Унда ким ҳақ – президентми ёки газеталарми? Агар газеталар фақат ёлғонни ёзган бўлса, унда партиялар нима иш қилди? Агар президент ноўрин танқид қилган бўлса, унда газеталар нега яна унинг танбеҳлари учун миннатдорлик билдириб ётибди?

Хуллас, Афанди айтганидек, агар бу мушук бўлса, гўшт қани? Агар бу гўшт бўлса, мушук қани?

Масалан, давлат раҳбари ХДПни бирор марта қонун ташаббуси билан майдонга чиқмагани, ўз электорати бўлмиш кам таъминланган аҳоли қатламлари, аввало, пенсионерларнинг муаммоларини ҳал этишга ҳисса қўшмаганини танқид қилди.

Энди сиз бу партиянинг «Ўзбекистон овози» нашрини варақлаб кўринг. Унинг ҳар бир сонида партия айнан шу йўналишда оламшумул ишлар қилгани тўғрисида сон-саноқсиз мақолаларга кўзингиз тушади.

Ёки Шавкат Мирзиёев «Миллий тикланиш»ни миллий мерос, қадриятларни тиклаш, туризмни ривожлантиришни ўз олдига мақсад қилгани ҳолда бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш, мавжуд қонунлар ижросини таъминлашда сусткашлик қилишда айблади.

«Адолат»нинг эса қонун устуворлигини таъминлаш шиори остида фаолият юритаётганига қарамай, бу борада бирорта ташаббус кўрсатмагани тилга олинди.

ЎзЛиДеП ҳам тадбиркорлар ва ишбилармонлар, фермерлар, хусусий мулк эгалари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилмаётгани учун президентдан «тепки» еди.

Бу партияларнинг «Миллий тикланиш», «Адолат», «XXI аср» нашрларини бир кўздан кечирсангиз, президентнинг танқидларига ишонгингиз келмайди. Чунки уларда бу партиялар ўз фаолиятини «президент раҳнамолиги»да бинойидек амалга ошираётгани битилган.

Халқ кимга ишонсин, президентгами ёки партия газеталарига? Албатта, бу ўринда халқ давлат раҳбарига ишонишига шубҳа йўқ. Чунки одамлар газеталарга ишонмай қўйганига, уларнинг ёлғонларига кўникканига анча бўлган.

Лекин шу ўринда бир мулоҳаза туғилади. Хўш, газеталарнинг бундай шармандагарчилиги учун кимдир жавоб бериши керакми?

Афсуски, бу саволга жавоб йўқ. Газеталар эса гўёки ҳеч нарса бўлмагандек энди президентнинг танқиди йўналишидан келиб чиқиб кўзбўямачилик, маддоҳлик, ёлғончилигини давом эттирмоқда.

«Тепкингиз учун қуллуқ, жаноб президент, зарбангиз айни муддао бўлди» қабилидаги ишлар аввалгидан-да шиддат билан авж олмоқда.

Яна бир гап. Президент партиялар нашрларининг савияси ҳақида гапирганда улар, «Ўзбекистон овози» газетасини истисно қилганда, талабга жавоб бермаслигини айтди.

Президентни ким ёки нима чалғитди экан? Ахир «Ўзбекистон овози» у танқид қилган партия нашрларнинг энг типиги-ку!? Бу нашрнинг бош муҳаррири мамлакатдаги эркин матбуотнинг асосий жаллодларидан бири эканини инкор этадиган фикри тийран журналист бормикин?!

Бундан буёғига партия нашрлари ўз фаолиятида «Ўзбекистон овози»га тенглашишга уринса, урди худо…

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
1 april 2021
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев 30 март куни Ўш вилоятининг Ўзган тумани аҳолиси билан учрашувда “Ўзбекистон ...
6 january 2026
Жанна д’Арк — нафақат Франция, балки жаҳон тарихидаги энг сирли ва илҳомлантирувчи шахслардан бири. Унинг ҳаёти юз йиллик уруш ...
31 august 2017
Қудрат Бобожон 1965 йил Урганч шаҳрида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаган. Би-Би-Си, Озодлик радиоларининг минтнақавий мухбири бўлган. «Уруш ва ...
16 october 2025
Украинанинг Одесса вилоятида истиқомат қиладиган ва умрида Ўзбекистонга келмаган Украина ватандоши Людмила Гинкулнинг иддаосига кўра, у  Фарғона аэропорти мулозими ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...