Дайжест
4 october 2017

Салом сизга, «пахтакорлар», «пахтакорлар»!

Совет даврида «Пахтакор полвонларим» деганга монанд бир машҳур қўшиқ бўларди.

Пахта терими бошланди дегунча радио ҳам, телевизор ҳам вадаванг шу қўшиқни тиндирмай қўярди.

Бугун ҳаво анча совуган кунларда ўзбекнинг ўқитувчилари, тиббиётчилари, бюджет ташкилотлари ходимлари, «уюшмаган аҳоли» вакиллари ҳаммаси пахта даласида.

Эрта азонда совуқда қалтираб далага чиқиб кетяпти, кечқурун қош қорайганда ҳориб-чарчаб даладан қайтяпти. Ҳукуматнинг «оқ олтин» хирмонини тобора юксалтиряпти.
Бу хирмондан эса «пахтакор полвонлар» қўлига ва оғзига сиққанча олиб, бемалол керакли манзилга пахта қўйиш билан овора бўлиб ётибди.

Профессор Қаландар Абдураҳмонов ҳам пахта термай қўйганига анча бўлиб қолганига шубҳа йўқ. Лекин ҳеч қандай тортинишларсиз пахта босиш мусобақасига қўшилиб кетди.

Босилган пахтанинг залворини олимнинг «Ўзбекистон овози» газетасида 26 сентябр куни босилган мақоласини ўқиганлар ўзича чамалаб кўриши мумкин. Анча тош босади қўйилган пахта.

Мақоланинг сарлавҳаси баландпарвоз: «Ўзбекистон дунёга маърифий қиёфасини кўрсатмоқда». Кўрсатилаётган маърифий қиёфа эса президентнинг яқинда БМТ минбаридан сўзлаган нутқидан сизиб чиқади.

Бечора домла «ўша куни атайин телевизор қаршисида ўтириб, бу нутқни сабрсизик билан кутган», уни «фахр-ифтихор туйғуси билан тинглаган».

«Ахир, фахрланмасдан, ғурурланмасдан бўладими, Ўзбекистон раҳбари жаҳоннинг энг олий минбаридан туриб, бутун дун­ёга мамлакатимизнинг бугунги ривожланиш йўли, келажак мақсадлари, Марказий Осиё ва сайёрамиздаги энг долзарб муаммолар ҳақида ўзининг аниқ позицияси, амалий фикрлари, конструктив руҳдаги ташаббусларини баён қилди», дейди олим.

Мақоладаги бошқа нуқталарга тўхталиб, ундан бирорта маъно қидириб ўтиришдан наф йўқ. Чунки ҳамма гаплар яна ўша мардикор халқ терган пахтани керакли манзилга босиш мақсадини кўзлайди.

Президент нутқидан мана шундай «фахр-ифтихорга тўлган» нечаларнинг мақолалари чоп этилмаяпти дейсиз?! Лекин бирортасида халқнинг тили мамлакатнинг маърифий қиёфасини белгиловчи асосий критерийлар сирасига киришини эслаб ўтмайди.

Президент АҚШга жўнаб кетишидан олдин унинг қайси тилда сўзлаши масаласида баъзи сўзларни айтгандик. Афсуски, давлатимиз раҳбари яна ўзганинг тилида маъруза қилди.

Суҳбатлашганларимнинг баъзилари бу ҳолатни президент ўз нутқида жуда «оламшумул» масалаларни кўтаргани, мазкур масалаларни бутун дунёга етказиш учун шундай йўлни танлагани ваъжига йўйишга ҳаракат қилди.

Ишончим комилки, БМТда ўз тилида маъруза қилган арманиларнинг президенти ҳам, тожикларнинг пешвои миллати ҳам ўзининг нутқини шунчаки бир чиқиш, «юксак минбар»да кўриниш бериш, «навбатчи» масалаларни кўтариш деб билмайди.

Улар ҳам ўз халқини БМТда оламшумул масалаларни кўтарганига ишонтиришга уриниб ётганига шубҳа қилмасак ҳам бўлар.

Аммо бизнинг зиёлиларимиз давлатимиз раҳбарининг нутқи қайси тилда бўлганига ҳатто эътибор ҳам қаратаётгани йўқ. Ҳар ҳолда уларнинг матбуотдаги чиқишлари шундан дарак бериб турибди.

Яна «маънавий қиёфамиз» тўғрисида узундан узун мақолалар ёзаётганига нима деймиз бу касларнинг?!

Аслида улар миллатнинг эмас, балки ўзларининг маънавий қиёфасини кўрсатишга шунчалик собитлик билан уринаётганини очиқ намойиш қилмоқдалар.
Афсуски, бу қиёфа Ислом Каримов давридагидан кўп-да фарқ қилаётгани йўқ.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
2 november 2015
Улуғбек Ашур Eltuz.com АҚШ давлат котиби Жон Керри ва Ислом Каримовга «ноқулай» савол берган журналистларнинг матбуот анжумани ўтаётган залдан ...
28 february 2019
Сўнгги икки йил давомида Ўзбекистон бир неча бор янада очиқ бозор иқтисодиётига ўтиши ҳақида эълон қилди. Аста-секин бу ўзгаришлар ...
27 march 2019
Тарихчиларимиз ўтмиш қадриятларини мумкин қадар қадимийлаштиришни яхши кўриши сир эмас. Қадимийлик, минг йиллар ҳақидаги таъкидларни ўйламай, ҳеч бир фактсиз ...
26 december 2015
ЎзРесЖКнинг фирибгарлик ва товламачилик моддалари билан айблов эълон қилинган Руҳиё Баитова Амнистия Қарорига асосан авф этилди ва озодликка чиқарилди! ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...