Асосий мавзулар
17 january 2018

Шоқолга – ўлимтик, соқолга – устара

Ўтган йили турли даражадаги ҳокимларнинг зўравонлиги, сўконғичлари, қўл остидагиларга бўлган қўпол муомаласига оид хабарлар, ижтимоий тармоқлардаги бу ҳақдаги фикр-мулоҳазалар интернетни тўлдирди.

Бунинг ортидан Шавкат Мирзиёев муштумзўр ва зўравон ҳокимларни «президент сиёсатига қаршилар» деб аташгача борди.

«Барча бўғинлардаги раҳбарлар — у вазир ёки ҳоким бўладими, идора ёки ташкилот бошлиғи бўладими — бир ҳақиқатни жуда чуқур тушуниб олишингиз шарт: бундай ҳаракатлар давлат сиёсатига, Президент сиёсатига қарши чиқиш деб баҳоланади ва айбдорларга, албатта, тегишли жазолар қилинади», деди давлат раҳбари.

Мана шу муносабатлар фонида ўқитувчиларни уриши билан танилган Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани ҳокими Носир Эгамбердиев ишдан кетди.

Бу «ҳайдалиш куйи» эндиликда собиқ ҳокимнинг зўравонлиги элга тарқалгандан кейин тўрт ойдан ўтиб чалинди.

Оғзи шалоқлиги сабаб Андижон шаҳри ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев энг кам иш ҳақининг 30 баробари миқдорида жаримага тортилди.

Лекин Мирзиёевнинг ўзи давлат халққа хизмат қилиши кераклигини тинимсиз таъкидлаётган бир пайтда «президент сиёсатига қаршилар»ни бундай енгил жазолаш қанчалик тўғри бўлар экан?

Сайхунобод ҳокими ишдан ҳайдалгани билан яна бирор мансаб билан сийланиши ҳеч гап эмас ва бундай дейишга асослар етарли. Вақтида шармандаларча ишдан бўшатилган қанчадан-қанча амалдорлар бугун яна отнинг устида.

Андижон ҳокими учун эса бир неча миллион сўм жаримани тўлаш карнайчидан битта пуфдек гап. Битта имзоси учун бунча пулнинг ўн бараварини беришга тайёрлар ҳар кун эшигини пойлаб ётгани эҳтимоли юқори.

Муштумзўр ҳокимларга кўрилган бу чоралар тирик товуқни бўғизлаган шоқолни ўлимтик бериб жазолашдек гап аслида.

Зеро, оддий одам шунча ўқитувчини тўплаб урганида онасини Учқўрғондан кўрсатишлари аниқ эди. Ҳокимбуваникидай сўкишлари учун бундайроқ одам қон қустириларди.

Президентнинг Олий Масжлисга мурожаатидан сўнг бошқа бир масала ўртага чиқди. Шавкат Миризиёев ҳокимларни ўзининг жойлардаги вакили деб эълон қилди ва ваколатларини янада оширди.

Ҳокимларни расман жойлардаги халқ депутатлари кенгашлари сайлайди ва шунинг учун илгари уларнинг бемазагарчиликлари учун шу кенгашларга айбни ағдариш имконияти бор эди.

Президентнинг юқорида тилга олганимиз баёнотидан кейин, бу баёнотни сиёсий тилга ўгирсак, энди ҳокимларнинг муштумзўрлиги ва зўравонлиги учун бутун масъулият Шавкат Мирзиёевнинг ўзига келиб тушади.

Бундан кейин асосийси ҳокимлар масаланинг мана шу жиҳатини англаб етдими, деган саволга бориб тақалади.

Ҳокимлар буни англаб етмаган тақдирда халқнинг Шавкат Мирзиёевга бўлган ишончига путур етиши аниқ.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
7 february 2020
Мана, яна ҳафта айланиб, сиз билан юзма-юз кўришиб турганимдан мамнунман. Жадвалга риоя қилиш ва интизом яхши нарса.  Бир катта ...
12 june 2022
Авангард санъатнинг минглаб қимматли намуналари сақланаëтган ўзбек музейлари ва мамлакатда фаол ижод қилаëтган 500 дан ортиқ рассом ижоди Ўзбекистон ...
19 october 2023
Ўзбекистонда иссиқхона хўжаликлари йўқ бўлиб кетиш арафасида, дея ҳисобламоқда ўзбекистонлик мустақил иқтисодчи Юлий Юсупов. Унинг ижтимоий тармоқда чоп этган ...
14 april 2017
Ўзбекистон матбуоти, илк бор мижозларнинг мобил операторларга қарамлиги масаласини кўтарди. Ўзбекистонда мобил алоқанинг қимматлиги, операторлар хизмати сифати пастлигидан шикоят ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...