Асосий мавзулар
12 march 2018

Зеҳниятимиздаги тузалмаётган яра

Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифи аксарият давралардаги гурунгнинг мавзуси бўлди. Зеро, узоқ йиллар бир-биридан узиб қўйилган қардош халқларнинг қайта яқинлашуви фонида бу табиийдир.

Бу гурунгларда кўтаринки руҳдаги гап-сўзлар билан бирга хавотир оҳангидаги мулоҳазаларни ҳам эшитишга тўғри келди.

Мирзиёев Тожикистон билан чегараларни очиб ташлади, энди террорчи ва наркоташмачи гуруҳларнинг Ўзбекистонга кириб келиши осонлашмайдими, деган хавотир эди бу.

Энг эътиборлиси, чегаралар очилиши шундай фикр уйғотганлар қаторида ўзини зиёли деб билганлардан тортиб, оддий аҳоли вакилларигача бор.

Бу хавотир Ислом Каримов режимининг икки халқни ажратиш борасидаги тинимсиз саъй-ҳаракатлари боис зеҳниятимизни қоплаган қўтир яра ҳали
тузалишга юз тутмаётгани аломати ўлароқ таассурот уйғотди.

Аслида чегараларни тамбалаш, миналаштириш халқни террорчию наркотиклардан эмас, режимнинг ўзини ҳимоя қилишга қаратилгани кундек аён эди.

Террорчилар ва наркофурушларнинг энг катталари пана-пастқам йўллардан яшириниб эмас, Тошкентда ўтирган амалдорларнинг ижозати билан Ўзбекистонга бемалол кириб кела олишини биладиганлар ҳам топиларди.

Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифи Ўзбекистон олий раҳбарининг Душанбега илк сафари эмас.

2000 йилда Ислом Каримов Тожикистонга катта дабдабаю асъаса билан борганди. Икки халқнинг биродарлиги ҳақида достонлар битилганди.

Аммо Душанбедан қайтар-қайтмас икки давлат дарвозаларидаги қулфлар каттароқларига алмаштирилди, миналаштирилган майдонлар кенгайтирилди.

Бундан Ўзбекистонга наркотиклар кириши камайиб қолмади. Режим манфаати учун зарур бўлганда террорчилар ҳам бемалол кириб келаверди.
Зеҳниятимизга Тожикистон билан чегараларни очсак, Ўзбекистонга “жиноий элементлар” кириб келади, деган ишонч сингдирилди.

Шавкат Мирзиёев эса Душанбега кучли бир самимият билан борди. Президентнинг “мен сизнинг олдингизга очиқ чегаралар билан, очиқ қалб билан келдим”, деган сўзлари бу самимиятнинг асоси эди.

Шавкат Мирзиёев Душанбега ўзаро яқинлашув учун амалий ишларни бошлаб юборгандан сўнг борди. Унинг бу ташрифи Тожикистонга борганидан сўнг ваъдаларни қалаштириб ташлаган Каримовнинг сафаридан шу жиҳати билан ҳам фарқ қилди.

Икки халқнинг қон-қардошлигини тиклаш йўлидаги амалий қадамлар зеҳниятимиздаги қўтир ярани тузатадиган кучли бир малҳам бўлиши билан бирга Каримов режимининг нақадар қабиҳ эканига ҳалигача ишонгиси келмаётганларга навбатдаги тарсаки ҳам бўлса, не ажаб.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
10 october 2022
Самарқанд шаҳрида яшовчи Сафаров Аминжонни болға ва теша билан уриб ўлдириб мурдасини унинг Спарк автомобилига қўшиб ёқиб юборган жомбойлик ...
19 april 2025
Ўзбекистондаги суд тизими нега реформа қилиниши кераклиги ҳақида бошлаб қўйган мавзуни давом эттирамиз. Видеолавҳанинг биринчи қисми ҳаволаси тасвир остидаги ...
15 october 2015
Хоразмга сафари пайти ҳокимликнинг тунги мажлисида журналист Малоҳат Эшонқулова ёзиб олган аудиоёзувлар Ҳазорасп ҳокими Ўктам Қурбоновнинг иккиюзламачилигини фош қилган. ...
11 may 2019
Хоразмлик шоир, 56 яшар Маҳмуд Ражабнинг уйига 10 май куни соат кечқурун 18.30 да ўзларини BИБ ходимлари деб атаган ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...