Асосий мавзулар
2 april 2018

Президентга аталган ширин ёлғонлар

Сўнгги вақтларда президентнинг вилоятларга ташрифлари давомида уни алдашга уринишлар авжига чиқмоқда.

Интернетда куни-кеча Жиззахга борган президент Шавкат Мирзиёев Зарбдор туманида яна бир бор алдангани ҳақида хабарлар тарқалди.

Уларга ишонилса, Зарбдор туманидаги “Зарбдор текстил” МЧЖга келган президентга ишчилар деб таништирилганлар аслида ҳеч қандай ишчилар эмас, балки коллеж ўқувчиларидир. Бу ўқувчилар бор-йўғи ишчи ролини ўйнаб берган, холос.

Бундан илгари президент Қашқадарёга борганида йўл четларида қурилган иссиқхоналар унинг кўзини қувнатишга хизмат қилган эди.

Аслида эса улар қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириладиган иссиқхоналар эмас, балки давлат раҳбари учун театрлаштирилган шоунинг декорациялари экани маълум бўлганди.

Шаҳрисабздаги президент ташриф буюрган хусусий боғча воқеаси эса комедияга айланиб, халқ орасида анча вақт кинояли кулги билан эслаб юрилди.

Маълум бўлишича, вилоятдаги юқори мулозимларнинг ташаббуси билан хусусий боғчанинг эгаси қолиб, бу ролга инглиз тилини биладиган, Зулфия мукофотини олган ёш мактаб ўқитувчиси танланган.

Президент бу қизга машина совға қилиб кетганидан кейин боғчанинг ҳақиқий эгаси ва “вақтинчалик шоҳ” ролини ўйнаб берган зулфиячи қиз ўртасида машина талаш можароси келиб чиққан.

Мулозимлар бу “қовун тушириш”ни бости-бости қилиш учун анча тер тўккани ҳақида латифалар тўқилгани бор гап.

Кейинроқ иссиқхона кўринишидаги декорациялар президентнинг Самарқанд вилоятига сафари чоғида ҳам тайёрлагани ҳақида хабарлар чиққан эди.

Давлат раҳбарини хурсанд қилиш учун алдовдан фойдаланиш Ислом Каримов даврининг атрибутларидан бири эди. Гўёки жамият фақат ёлғонлардан иборат эди ўша даврларда.

Биргина Каримовга ҳосил мўллигини кўрсатиш учун ғўза чаноқларига елим билан пахта ёпиштириб чиқилгани воқеасини эсланг. Ҳозиргача бу воқеа ўша даврнинг моҳиятини очиқ-тиниқ кўрсатиб берадиган ҳолат сифатида келтириб ўтилади.

Энди эса Жиззахдаги кўзбўямачиликлар…

Қизиғи шундаки, бундай алдовлар тўғрисидаги маълумотлар элга ошкор бўлгандан кейин ҳам вилоятлардаги раҳбарлар заррача уялаётгани йўқ. Аксинча, президентни алдаш ҳаракатлари тобора кўпаяётгандек.

Президент ҳар бир йиғилишида ёлғон маълумотлардан қочиш кераклиги, алдовларни дарҳол пайқаб олиши, уни алдаб бўлмаслиги бот-бот такрорлайди. Шунга қарамай, давлат раҳбарини алдайверишади.

Бу ҳолатларни кўргандан кейин президентнинг мени алдаб бўлмайди, деган гапларига ишонч сусайиб қолади.

Хулоса чиқадики, президент ростдан ҳам алданяпти ёки унинг ширин ёлғонга мойиллиги бор.

Баҳодир Шариф
eltuz.com

Тағин ўқинг
4 april 2022
Қозоғистон расмийлари мамлакат президенти Тўқаевга суиқасд уюштиришни режалаштирган “хорижий разведка агенти” қўлга олинганини маълум қилдилар.  Лекин унинг қайси мамлакат ...
3 december 2025
Европа Иттифоқи Россияни пул ювиш ва терроризмни молиялаштириш хавфи юқори бўлган давлатлар рўйхатига киритади. Бу ҳақда Politico нашри хабар ...
30 september 2016
Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти раҳбари Баҳром Ҳамроевнинг Москвадаги уйига қўнғироқ қилган eltuz.com нашри мухбири, унинг турмуш ўртоғи билан гаплашиб, ...
27 september 2017
Ахмаджон Одилов 27 сентябр куни эрталаб, соат 5.30 да 92 ёшида оламдан ўтди. Жанозаси Ғурумсаройда соат 4 да бўлиши ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...