Асосий мавзулар
17 april 2018

Мирзиëев «тоқатсизлик»ни тарғиб қилмоқчими?

Ўзбекистон президентининг диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонида соҳа ривожининг устувор йўналишлари хусусида тўхталиб ўтилган.

Фармондан иқтибос: “Жамиятда миллий ва диний қадриятларимизга ёт бўлган ғояларга нисбатан ТОҚАТСИЗЛИК МУҲИТИНИ шакллантириш”. (Тоқатсизлик муҳитини шакллантириш устувор йўналиш деб белгиланибди, хуллас.)

Ўзбекистон Конституциясидан иқтибослар:

«Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади. Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас» (12-модда).

«Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга» (29-модда).

«Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди» (31-модда).

«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонундан иқтибос:

«Ўзбекистон Республикаси фуқаролари динга муносабатидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Расмий ҳужжатларда фуқаронинг динга муносабати кўрсатилишига йўл қўйилмайди. Фуқароларнинг динга муносабатига қараб уларнинг ҳуқуқларини ҳар қандай чеклаш ва уларга бевосита ёки билвосита имтиёзлар белгилаш, душманлик ва адоват уйғотиш ёхуд уларнинг диний ёки даҳрийлик эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш, диний зиёратгоҳларни оёқ ости қилиш қонунда белгиланган жавобгарликни келтириб чиқаради» (4-модда).

«Ўзбекистон Республикасида дин давлатдан ажратилган. Ҳеч бир динга ёки диний эътиқодга бошқаларига нисбатан бирон-бир имтиёз ёки чеклашлар белгиланишига йўл қўйилмайди» (5-модда).

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексидан иқтибос:

«Миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб, аҳоли гуруҳларига нисбатан адоват, муросасизлик ёки нифоқ келтириб чиқариш мақсадида миллий шаън-шараф ва қадр-қимматни камситишга, диний эътиқодига ёки даҳрийлигига қараб фуқароларнинг ҳис-туйғуларини ҳақоратлашга қаратилган қасддан қилинган ҳаракатлар…» (156-модда).

Айни шу фармоннинг ўзидан яна бир иқтибос:

“Жамиятда БАҒРИКЕНГЛИК, ЎЗАРО ҲУРМАТ, меҳр-оқибат, тинчлик ва тотувликни, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний-маърифий соҳа вакилларининг дахлдорлик ҳисси ва иштирокини янада ошириш». (Тоқатсизликми ёки бағрикенглик, қайси бири?)

Фармонда устувор йўналишлар белгиланар экан, яна бир жиҳатга эътибор қаратилади.

Иқтибос: “Диний ва дунёвий билимлар уйғунлигини ривожлантириш асосида таълим сифатини ошириш, диний-маърифий соҳада малакали кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг яхлит тизимини яратиш”.

“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонундан иқтибос:

“Ўзбекистон Республикасида таълим тизими диндан ажратилган. Таълим тизимининг ўқув дастурларига диний фанлар киритилишига йўл қўйилмайди” (7-модда).

Сўзим сўнггида Конституциядан яна бир иқтибос:

«Президент Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси йиғилишида қуйидаги қасамёдни қабул қилган пайтдан бошлаб ўз лавозимига киришган ҳисобланади».

«Ўзбекистон халқига садоқат билан хизмат қилишга, республиканинг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига кафолат беришга, Ўзбекистон Республикаси Президенти зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажаришга тантанали қасамёд қиламан» (92-модда).

Хуршид Йўлдошев,
мустақил блоггер
eltuz.com

Тағин ўқинг
1 april 2021
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев 30 март куни Ўш вилоятининг Ўзган тумани аҳолиси билан учрашувда “Ўзбекистон ...
4 august 2018
Навоий театрининг японлаштирилиши, аслида хиёбонларнинг чопиб йўқ қилиниши, деворий санъат асарларини ўчириб, устига фотообой қоплаш, тарихий ёдгорликлар ўрни, шакли ...
14 july 2016
«Правда востока» газетаси Вьетнам Социалистик Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси байрам муносабати билан «Жаҳон» ахборот агентлигига берган интервьюсини эълон қилди. «Ўзбекистон ...
1 november 2025
Маълумотларга кўра, воқеа 25-октябр куни Ғаллаорол тумани Сугумбой қишлоғидаги хусусий уйлардан бирида содир бўлган. 21 ёшли йигит ва унинг ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...