Cатира
10 may 2018

Тошкентда қулликни соғинганлар байрами ўтди

Бу йилги 9 май Ўзбекистонда кўп йиллардан буён собиқ шўролар рамзларига, бугунги Россияда урфга кирган тимсолларга энг бой тарзда ўтди. Ҳар ҳолда Тошкентда кузатганларимиз шундан далолат берди.

Мамлакатдаги энг нуфузли давра – президент иштирокидаги тадбир ҳам бундай тимсоллар билан тўлиб-тошди.

Тадбирга ташриф буюрган меҳмонларга хизмат қиладиганлар уруш даври кийимида ҳозир бўлди. Концертда ҳам шундайсимон чиқишлар саҳналарни тўлдирди.

Шунга монанд тарзда рус тилли мактабларда ўқувчилар совет аскари пилоткаларини бошига қўндирган ҳолда уруш ветеранларини қутлаганига гувоҳ бўлдик. Улар моҳиятини тушунмаса-да, георгей тасмаси тақиб олганича мағрур юрдилар.

Йўлларда эса георгей тасмаси ва унинг Ўзбекистон байроғисимон қилиб ясалган нусхаси эгизаклар каби кимларнингдир кўксини безаб турганди.

Тошкент кўчаларида бир гуруҳ мотоциклчилар СССР байроғини ҳилпиратганча, сигналларини тинимсиз бибиллатиб шаҳар кезди. Бу мотокарвонда Ўзбекистонникидан СССРнинг ўроқ-болға тасвирли қизил байроғи сони кўпроқ эди.

Ижтимоий тармоқлардаги кўплаб постларда ҳам фашизм устидан буюк ғалаба совет даври соғинчи билан қоришиқ бўлиб кетгани сезилди.

Адолат ҳаққи, айтиш керакки, фақат Ўзбекистон байроқларини ҳилпиратиб ўтан автокарвонлар кўпроқ эди.

Совет даври – Ўзбекистон тарихининг бир қисми. Уни эсдан чиқариш аждодлар хотираси учун беҳурматлик сифатида баҳоланса ҳам ажабланмаслик керак.

Лекин кишини бир жиҳат ўйлантиради. Узоқ йиллик чор мустамлакаси, сўнг совет тузумидан қутулган мамлакатда мустабиднинг байроғи бемалол ҳилпираб шаҳар кезишини қандай тушуниш мумкин?

Бу саволга жавобни кун бўйи ўйладим. Ниҳоят ўзимча бир хулосага келдим. Биз бугун мустақиллик ва ғалабани бир-бирига қориштириб юбориб, эркинлик қадрини генларимизга сингдира олмабмиз.

Совет давридаги қуллигимиз сингиб кетган онгости туйғуларимиз ҳали янгиланмабди. Қолаверса, Россиянинг кенг кўламдаги тарғиботлари ўз ишини қилмоқда.

Хўш, ўзбеклар фашизм устидан қозонилган ғалабани байрам қилиши керакми? Менимча, ҳа.

Чунки бу ғалаба учун дунёнинг кўплаб халқлари қатори ўзбеклар ҳам жон олиб, жон берган. Юз минглаб миллатдошларимиз жанггоҳлардан қайтмаган.

Ўшалар ҳаққи-ҳурмати, ғалабани фақат ўзиники қилиб олишга уринаётганларнинг саъй-ҳаракатларига жавоб ўлароқ, байрам қилишга бизнинг ҳам ҳақимиз борлигини кўрсатиш керак.

Кийим-кечак, озиқ-овқат, қурол-яроғ билан таъминлаганимизни, юз минглаб бола-чақаси, хотин-халажини беминнат паноҳимизга олганимизни уларга эслатиб туришимиз учун ҳам шундай қилишимиз лозим.

Лекин бу байрам қулликни соғинган, мустабидларни улуғлайдиганлар эмас, балки ғолиблигини хотирасидан чиқармайдиганлар, ўз эркинлигининг қадрига етадиганлар тантанаси бўлмоғи шарт!

Баҳодир Шариф
eltuz.com

Тағин ўқинг
8 october 2019
Ўзбекистон қаҳрамони, шоир Абдулла Ориповга Нимасан? Қандайин сеҳрли кучсан?Нечун томошага бунчалар ўчсан? Ҳурматли Абдулла ака, ушбу хатимда сизнинг бир ...
27 august 2018
Кўзимни очсам, БМТ анжуманида ўтирибман. Олдимда Ўзбекистон байроғи. Бўйнимга осилган бейджикни айлантириб қарасам Ўзбекистон вакили эмишман. Аммо ўтмиш билан ...
11 february 2021
Қуръони каримда 25 пайғамбарнинг исми зикр этилади. Ҳадисларда эса ер юзига жами 124 минг пайғамбар юборилгани ҳақда билдирилади. Улардан ...
23 november 2016
2016 йил 19 ноябрь Ўзбекистонлик мустақил журналист Жамшид Каримов 2012 йил январидан бери шу кунгача Самарқанддаги психиатрия касалхонасида мажбуран ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...