Асосий мавзулар
24 september 2018

Мажбурий-ихтиёрий равишдаги пахта терими

Сўнгги кунларда Ўзбекистондаги пахта йиғим-терим мавсумига оид турли ОАВларда эълон қилинаётган хабарлар мамлакатда мажбурий меҳнат аломатлари кучайиб бораётганидан дарак бермоқда.

“Элтуз”га маълум бўлишича, яқинда Халқ банкининг жанубий вилоятлардаги филиаллари ходимлари мажбурий-ихтиёрий равишда пахта теримига жўнатилган.

“Бошлиғимиз ҳаммани йиғиб, кимлар пахтага кетишини айтди. Ҳеч ким рад эта олгани йўқ. Чунки бормайман деса, кейин банкда ишламайди. “Ўзимиз ихтиёрий чиққанмиз, дейсизлар ким сўраса ҳам. Банкнинг номини тилга олманглар, деб тайинлашди”, деди банк ходимларидан бири “Элтуз” билан суҳбатда.

Бундай хабарлар Бухоро, Қорақалпоғистон, водий вилоятларидан ҳам олинмоқда. Демакки, мажбурий меҳнатнинг кўлами бу йил ҳам етарлича кенг.

Ҳолбуки, ҳукумат жорий йилда пахта фақат кўнгиллилар ва фермерларнинг кучи эвазига йиғиб-териб олинишини маълум қилган эди.

Қолаверса, таълим ва тиббиёт соҳаси ходимларини мажбурий равишда пахта теримига жалб этиш қатъий тақиқланиб, бунинг учун мутасаддиларга нисбатан жавобгарлик кучайтирилиши билдирилганди.

Аммо юқоридаги каби кўплаб хабарлар ҳукумат ҳозирча ўз ваъдаларининг фақат таълим ва тиббиёт ходимларига тааллуқли қисмини бажариб (шубҳасиз, бу ижобий ҳолатдир), бошқа бюджет ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектлари ишчи-хизматчиларини мажбурий меҳнатга жалб этишда бардавом эканидан дарак бермоқда.

Бу йилги мавсумда маҳаллий ОАВда “уюшмаган ёшлар”, “қўшимча даромад олиш имконияти”, “терим отрядлари” каби сўзлар пахта терими ҳақидаги мақола, кўрсатув ва эшиттиришларда энг кўп қўлланилаётган иборалардир.

Ҳокимият вакиллари пахта теримига мажбурий жалб қилиш хатти-ҳаракатларини шу тарзда яширишга уринаётгандек таассурот уйғонмоқда.

Ҳар йилгидан фарқли ўлароқ, жорий йилда аҳолини теримга жалб этишга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишлари бу йил жуда авжида.

Ҳатто Ўзбекистон телевидениесида аҳолини пахта теримига чорловчи реклама роликлари ҳам мунтазам намойиш этилмоқда. Бу роликларда аҳолиси зич ҳудудлардаги яшовчилар “ихтиёрий равишда” Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларига пахта теримига чорланяпти.

Реклама ролигида бу ҳудудларда ҳашарчиларга теримнинг биринчи босқичида ҳар бир килограмм пахта учун 950 сўм, иккинчи босқичида 1150 сўм, учинчи босқичида 1300 сўмдан ҳақ тўланиши айтилаётир.

Роликда кунига 70 кг дан пахта терганлар 40 кун давомида 2 миллион 600 минг сўмдан ортиқроқ даромад олиши ваъда қилинаётир.  

Шунча тарғибот-ташвиқотга қарамай, ҳокимият органлари барибир бюджет ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларини пахта теримига мажбурлаётганидан кўринадики, кўнгиллилар далаларга чиқишга шошилаётгани йўқ.

Жорий йилда мажбурий меҳнат кўлами ўтган йиллардагидан қанчалик фарқ қилади, буни яқинда билиб олиш мумкин бўлади.

Чунки пахта мавсуми бу йил анча кеч бошланди ва у эндигина энг қизғин палласига кириб бормоқда.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
3 february 2023
Мана хафта чархпалаги айланиб яна сиз қора кўзлар билан биргаман. Тоғ тоғ билан учрашмайдиМС: Одом одом билан учрашади. Лекин ...
16 january 2023
Рассом Туз @eltuz
18 october 2017
Бу йил теримга Ўқитувчи ва шифокорлар поездларда сафарбар қилинмоқда. Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларидан минглаб теримчилар минган поездлар Қорақалпоғистон ва ...
29 november 2025
Бу ҳақда Давлат котиби Марко Рубио баёнот бериб, «мамлакат ва унинг фуқароларини ҳимоя қилишдан муҳимроқ вазифа йўқ», деб таъкидлади. ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...