Асосий мавзулар
18 december 2018

Вазирнинг талаблари ота-онанинг ҳам оғирини енгил қиладими?

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов жойлардаги ўз қўл остидаги раҳбарларга хат йўллаб, бир неча талабларни қўйди.

Хусусан, вазир халқ таълими бошқармалари ва бўлимлари раҳбарларига ўқитувчиларни ҳар хил газета ва журналларга мажбурий обуна қилдириш, коммунал тўловлар учун ойлик иш ҳақидан ушлаб қолишни тақиқлади.

Шунингдек, бошқа ноқонуний бадаллар йиғилишига ҳам қатъиян чек қўйилиши ҳақида сўз боради бу хатда.

Шерзод Шерматов маҳаллий ҳокимликлар томонидан таълим муассасалари раҳбарлари ёки ўқитувчиларнинг ҳар қандай мажбурий меҳнатга, турли йиғилишга, тадбирларда зални тўлдириш учун “томошабин” сифатида жалб этилишига, турли қоғозбозлик, ҳисоботлар тайёрлашга чек қўйиш зарурлигини ҳам билдирган.

Ўзини янги авлод амалдори сифатида кўрсатиб келаётган Ш.Шерматовнинг бу талаблари оддий ўқитувчилар томонидан илиқлик билан қарши олинди.

Аммо ота-оналар ноқонуний йиғди-йиғдиларни тўхтатиш талаби фақат ўқитувчиларга тегишлими ёки ўқувчиларга ҳам тааллуқлими, деган саволга аниқлик кирита олмаяпти. Чунки уларни ташвишга солаётгани айнан мактаблардаги пул йиғишлардир.

Айниқса, янги йил байрами арафаси бундай пул йиғишлар энг авжига чиқадиган палла ҳисобланади.

“Қизим 2-синфда ўқийди. Шу ойнинг ўзида турли тадбирлару синф фонди учун қизимга 100 мингга яқин пул сарфладим. Бу ёқда ўғлим ҳам кўп нарсаларга пул сўраб турибди”, дейди фарзанди Тошкентдаги мактаблардан бирида ўқийдиган она “Элтуз” билан суҳбатда.

У қизининг синф фонди учун ҳар чоракда 45 минг сўм, ўғлига ҳам шунча пул тўлайди. Турли тадбирлар учун алоҳида пул йиғилади.

“Синф фондидан ташқари қизимнинг ўқитувчисига туғилган куни учун 20 минг сўмдан йиғилди. Жами 500 минг сўм совға қилинди ўқитувчисига. Яна 20 минг сўм Янги йил байрамида болаларга турли совғалар олишга бердим. 12 минг сўмдан театрга ҳам сўраб олишди”, деди она.

Аёлнинг сўзларига кўра, пулни ота-оналар қўмитаси раислари йиғади. Уларнинг ўқитувчилар билан тили бир.

“Агар кимдир сўралган пулни бермаса, ўқитувчининг бу болага бўлган муносабати ўзгаради,- дейди она. – Паст баҳо қўяди, ўқувчига етарли даражада эътибор қаратмай қўяди. Кейин бола руҳан эзилади.

Шунинг учун сатқаи сар деб, қанча сўраса ҳам пулини беришга мажбур бўламиз. Синф фондидан фаррошга ҳам пул тўлаймиз.

Фаррош мактабдан ойлик олади-ку. Лекин унга яна нега пул берилишини ҳали ҳам тушунмайман”.

Ўзбекистон мактабларида ўқувчилардан турли баҳоналар билан пул йиғиш иллати ниҳоятда авж олган. Сўнгги вақтларда бу каби ҳолатлар ҳақидаги хабарлар матбуотда кўпайгани ортидан ҳукумат муаммони ҳал этишга уринаётганига қарамай, вазият яхши томонга ўзгармаяпти.

Вазир мактубидаги талаблар педагогларнинг оғирини енгил қилиш баробарида ота-оналарнинг муаммолари ҳал бўлишига ҳам олиб келадими? Мана шу саволга ҳали жавоб йўқ.

Баҳодир Шариф


Eltuz.com
Тағин ўқинг
3 february 2020
Қашқадарё вилоятида 30 январь куни Чироқчи тумани ИИБ биносидаги гумондор ўлими юзасидан брифинг бўлди. Ички ишлар вазири ахборот хизмати ...
4 april 2020
Мана, ҳафта ўтиб сиз билан юзлашдим. Кўзларингиз қорачиғида ўзимни кўраман. Сизнинг дардингиз – менинг дардим. Сизнинг ғамингиз – менинг ...
8 may 2017
3 май – Жаҳон матбуот эркинлиги кунига бағишлаб “Олтин қалам” мукофотларини топшириш маросими журналистлар ва айрим нашрлар эътирозига сабаб ...
28 november 2016
Бош вазир ўринбосари Рустам Азимовнинг телеграммасида “Пластик картани тўлов учун қабул қилишдан бош тортган” ва “Пластик карта орқали ҳисоб-китоб ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...