Кўзқараш
10 june 2020

Ўш қирғини гувоҳи: Даҳшатли чинқириқ ҳозир ҳам қулоғимда янграйди

Бундан роппа-роса ўн йил аввал Ўш ва Жалолободда ўзбек ва қирғизлар орасида қонли тўқнашувлар бошланган эди.

Мен ўша кунни ҳозир ҳам аниқ-тиниқ эслайман.

Эрталаб соат олтида ўқлар овозидан чўчиб уйғондим. Уйда дадам, акам йўқ эди. Ойим ҳам саросимада, «уруш бошланибди» деди, тинмай дуо қилиб ўтирарди.

Мен кўчага чиқдим, биздан беш километр нарёқда ёнаётган уйларнинг тутунлари кўкни қоплаган эди.

Онам менга «чиқма, болам», деб ёлворди. Мен ўз уйимни, оиламни, районимни қўриқлашим керак, уйингга бостириб келганга қаршилик қилиш ҳақиқий жиҳод, деб кўндириб, дуосини олиб чиқиб кетдим.

Қўлда ҳеч нарса йўқ, кетмон сопи ва рогатка. Оломон ичига бордим, оломон орасида ов милтиғи бор беш-олтита одамни кўрдим, кўнглим жойига тушди.

Одамлар тўпланиб турган ерга маҳалламиз имоми чиқиб, «бизнинг уйимизга бостириб келаётган фашистларга қарши курашиш жиҳод, ким ўлса, шаҳид бўлади», деди. Халқ «Аллоҳу Акбар!» деб уйлар ёнаётган тарафга қараб югура бошлади.

Бизнинг районга бостириб келаётган минглаб кишининг олдида иккита БТР ва юзлаб қуролли кишилар бор эди.

Олдинги сафда такбир айтиб ўзини ўққа урган ўзбек йигитларини отиб, сўйиб, тириклайин ёқиш манзарасига гувоҳ бўлдим.

Мен ҳеч қачон ўлимдан қўрқмаганман, ўз оиламни, номусимни қўриқлаб ўлиш мен учун шараф бўлган.

Қарши томондан «ўзбекларга ўлим», деган овозлар яқин-яқиндан эшитила бошлади, қўлимда кетмон сопини ушлаб, қолган ўзбеклар билан биргаликда такбирни айтиб, ўзимизни ўққа урдик. Бирдан елкамни ари чаққандай бўлди, кўз олдим қоронғулашиб, елкамдан шариллаб қон оқа бошлади, душманнинг «калашников»дан отган ўқи елкамни тешиб ўтибди.

Ҳолим қуриди, калимани айтиб йиқилдим. Ёнимдаги ўзбеклар мени кўтариб, «ярадор бор», дея машинага солиб, шифохонага олиб кетишди.

11 июнь куни ўзимга келдим. Қарасам, палатадаман, атрофдагиларнинг деярли барчаси ўзбек. Рўппарамда оёғига ўқ теккан эса қирғиз киши. Бу қирғизнинг кейинроқ айтишича, у бир дўстининг сўзига кириб, «Ўшдан ўзбекларнинг қўйларини еталаб опкеламиз», деб тоғдан тушган экан…

Менинг ҳикоям шу ерда тугайди. Мен бу урушда айбдорларни изламайман, ким айбдор экани барчага аён.

Ҳозир Швецияга кўчиб ўтганман. Бироқ Ўшда кўрганларим, тириклай ёнган ўзбекларнинг дахшатли чинқириқлари ҳозиргача қулоғимда янграйди. Мен буни унутмайман. Мен кечирмайман!

Аббос Ўший,

Швеция

Тағин ўқинг
23 march 2018
Сарлавҳага чиқарилган бу гап буюк актёр Шукур Бурхонов ижросидаги Юсуф Ялангтўш ҳақидаги фильмда айтилган. Не тонгки, “пайғамбар” даражасига кўтарилган ...
13 june 2016
Саммитга ҳали икки ҳафта вақт борлигига қарамай, масжидларга ва бошқа жамоат идораларига, одамлар махсус металл сканери орқали текширилган ҳолда ...
17 february 2020
13 февраль кунининг биринчи ярмида қозоқ тилидаги машҳур сайтларнинг деярли барчаси собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг набираси Ойсултон тарқатган хабарга ...
11 september 2019
Тошкентда 10 сентябрь куни ўтган матбуот анжуманида республика фермерлар кенгаши раиси Актам Ҳайитов мамлакатда гўшт қимматлаётгани сабабини гўштнинг кўп ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...