Асосий мавзулар
22 september 2021

Оддий йўловчининг қадри борми?

Эрталаб болани мактабга қолдириб, пиёда ишга келаман. Қулоқда Шер аканинг “Аввалғиларға ўхшамас” қўшиғини қўйиб олиб…

Чарх авзойи бу дам аввалгиларға ўхшамас,

Котибу даври рақам аввалғиларға ўхшамас…

“Омон ака – донишманд, Навоийни тушунтириш баробарида ўзини ҳам чиройли англатган”, деган адабий-фалсафий хаёллар оғушида серқатнов йўлга чиқиб келаман.

Бу ўша – Алишер Навоий номидаги опера ва балет театрининг марҳума ходимасини машина уриб кетган пиёдалар ўтиш йўлаги. Биламан, бу йўлакда пиёдаларни ёмон кўришади, чунки кенг йўл, текис-равон, сал нарида светофорнинг қизилидан эндигина қутулиб чиққан машиналар аллақандай “пешеход” учун яна тўхтагиси келмайди.

Қулоқдан мусиқани ечаман, машиналар оқими камайишини кутаман, кейин “Бисмилло” деб йўлакка биринчи қадамни қўяман. Ҳар доим шунақа: пиёдалар йўлагига қадам қўйишда калима келтирадиган бўлганман, чунки бу йўлакдан ўтиш деярли худкушлик билан тенг. Қай ҳайдовчининнг миясида қандай хаёл – билмайсан. Қонунга итоаткорми, тормозни босадими ё “ўтиб кетаман, мақпти” деб газни босадиган “ўпка”га дуч келасанми, билмайсан.

Не учар юлдузлар ўтди чалғитиб элни жуда,

Неча авлод йўлию умидин айлаб беҳуда,

Давр мезони билан тортай бу кун ўзимни-да…

Ўзимни тортиб, кейинги қадамни қўйишни ё қўмасликни билмай турибман.

Ҳартугул, бир машина тўхтади, рулда аёл киши, биринчи йўлакдан ўтдим, лекин ҳали яна бештаси турибди, иккинчи ё учинчи йўлдан келаётганлар биринчига қараб тўхтамаслиги, газни баттарроқ босиши мумкинлигини биламан. Кеча Қаршида биттасини учинчи йўлда «Ласетти» уриб кетганини кўрдим-ку видеосини.

Эй фалак, ҳеч кимни этма бесамар йўлларда хор…

Бир йўналиш тугади, ўтиб олдим. Энди ўртадаги узлуксиз чизиқда туриб қолдим, нариги томон тўхтамайди, улар учун бу учинчи “полоса”, тез юриладиган, яъни ким ҳам бир пиёдани деб шиддатни туширгиси келарди, дейман. Орқамдан ва олдиндан визиллаб машиналар ўтяпти, хавфсизлик оролчаси эса йўқ.

Ва ниҳоят, қарама-қарши йўналишда ҳам тўхташни бир аёл бошлаб берди. Ўтаверинг деган ишорани ҳам қилди. Ўта бошлайман. Иккинчи йўлакдаги ҳайдовчи – эркак ҳам тўхтади. Аммо мен томондан учинчи, асли биринчи йўлакда учириб келаётган бир машина (ҳайдовчининг жинсини айтмайман, ўзинглар билиб олинглар) “бааааап” этиб сигнал бериб, етмаганига ичидан бошини чиқариб сўкиб, визиллаб ўтиб кетди.

Нафс ипига боғлидур руҳ ипларин узган тана…

Мен нимани нотўғри қилдим, дейман. Қоидага итоат қилиб, бошқалар ҳам итоат қилаётганига ишониб, йўлда ўз ҳақимдан минг бир қўрқув билан фойдаланиб туриб ҳақоратни эшитдим. Лекин у дамда ҳақоратдан эмас, қўрқувдан кўпроқ титрадим. Жонинга хатар туғилганда, ичингдаги шахснинг овози ҳам пасайиб қоларкан.

Не ситамким, бу алам аввалғиларға ўхшамас…

Шу йўлни кесиб ўтгунча мен адабиёт, фалсафа ва бошқа баланд фикрлар оғушидаги интеллектуал инсон эдим. Энди бўлса, қўрқувдан оёқ-қўли титраган, бир темир олдида нақадар ожизлигини англаган арзимас одамман.

Мен ёлғиз эмасман. Бу ҳар бир пиёданинг бошида бор савдо. Биз пиёдалар айримлар учун одам эмасмиз, аллақандай иккинчи навли биомассамиз. Нега инсон шу темирга минганда ва ундан тушганда бошқа-бошқа одамга айланиб қолади?

Чунки бу шаҳар автомобилни одамдан кўпроқ севади.

Энди инсон қадри ҳам аввалғиларга ўхшамас…

Шаҳноза Соатова,
муаллифнинг фейсбукдаги саҳифасидан

Тағин ўқинг
17 april 2023
Салом қадрли дўстлар. Бугунги кўрсатувимиз ноодатий форматда. Кўпчиликнинг эҳтимол хабари бордир 15 апрелдан бошлаб Элтуз сунъий интеллектдан фойдаланиб хабарлар ...
21 june 2017
Президент Мирзиеев ташаббуслари билан ўзбекистонликларни ҳурсанд қилишда давом этмоқда. 15 июн куни, Шавкат Мирзиёев Туркманистонга сафари ортидан, республикада ҳам ...
17 october 2025
XIX аср ўрталарига келиб Туркистондаги уч мамлакат – Қўқон, Хива ва Бухоро хонликларини уч йирик империя – Буюк Британия, ...
15 december 2025
Урганчдаги ТВ АЛС шаҳар марказиидаги «Матбуот уйи»да жойлашганди. Бир куни ишга келсам, бинони минглаб одам ўраб олган. Одамларнинг қўлларида ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...