Кўзқараш
30 september 2023

Рассом Туз: «Биз бахтли бўламиз худо хоҳласа…»

Шанба куни Берлин марказида айланиб юриб, тасодифан бир никоҳ тўйининг гувоҳи бўлдим. Тўй кортежи биттагина аравачали велосипеддан иборат эди. Тўйда келин-куëв билан қўшиб ҳисоблаганда бор йўғи 8 киши қатнашди. Тўйдаги егулик ичгулик велосипед аравачасига жо бўлди.

Келин куëвлар “Элтуз” нашри учун ўз севги ҳикоясини лутфан айтиб беришди.

Куëв 26 ëшда. Унинг исми Волф. Ўзбекчага таржима қилсак Бўривой бўлади. Германия ўнталигига кирадиган айти ширкатда ишлайди. Ойига 10 минг евродан кўпроқ ойлик олади.

Келиннинг исми Линда. 23 ëшда. PR ширкатида дизайнер. Ойига ўртача 3 минг евро олади.

Улар икки йил мобайнида севишиб, бир бирини яхши танигач, тўй қилиб, умр ришталарини боғлашга қарор қилишди.
Тўй тантанаси Берлиндаги бургерамтда никоҳдан ўтиш расмиятчилиги билан бошланди. Яъни улар загсдан ўтишди.

Никоҳдан ўтиш шарафига саккиз киши бир шиша шампан шароби ичишди.

Кейин олдига ëғочдан бўлган қути тиркалган биргина велосипеддан иборат тўй кортежи бир пайтлар Германияни иккига ажратган девор бўйлаб узанган Шлизишес кўчаси бўйлаб юрди.
Орқада келин куëвнинг кумуш сочлари қиëшда ялтираб кўринган ота-оналари мамнун қадам ташлайди. Уларни суратга олаëтган туристларга қараб жилмайиб, поз беришади.
Келин куëвлар Трептов паркига яқин жойдаги турклар “бит бозори” деб айтадиган эски туски бозорига боришди.
Тошкентдаги “Тезеков” бозорига ўхшаш бу бозорда ҳар хил ашқол дашқоллар сотилади.

Шу бозордан куëвбола ўз турмуш ўртоғи Линдага совға олиб берди. Пива қопқоғини очадиган бронзадан бўлган очқич. Кейин улар кўчага чиқиб, бозорга ëндош жойдаги паркда “тўй” қилишди.

Энди тўйни тасвирласам. Ўртада аравачили велосипед турибди. Ичида мева шарбати, пива ва маккажўхори қаламчалари дея билганимиз чипс солинган ялтироқ халтачалар. Тўй ҳаражатлари. Велосипед куëв боланинг ўзига оид. Демак, текин. Қути ичидаги егулик ва ичимликлар нархи 40 евро атрофида. Меҳмонлар ўзлари билан шароблар олиб келишган.

Куëв боланинг келинга совғаси 2 евро. Линданинг олдига бориб, Элтуз нашри ўқувчиларига бирор нарса айт, деб илтимос қилдим.

Линданинг айтган гапи айнан мана шундай бўлди. Wir werden glücklich sein, wenn Gott will.

Буни таржима қилгач, ўзим ҳайрон қолдим.

“Биз бахтли бўламиз Худо хохласа”

Муҳаммад Юсуфнинг шунақа шаъри бор эди.
Майли-да, кимгадир
Ёқса, ёқмаса,
Уларга қўшилиб
Йиғлашармидик.
Биз бахтли бўламиз
Худо хохласа,
Худо хоҳламаса
Учрашармидик…

Тағин ўқинг
13 april 2024
Ўзбекистоннинг барча автойўллари 42,869 километрни ташкил қилади. Поворотлар икки хил – ўнгга ва чапга. Шу йўлнинг ҳар бир километрини ...
11 april 2021
Наманган вилоятининг Косонсой тумани «Cувоқова» корхонаси директори Муҳаммадали Камолов дохил жами тўрт киши ташкилот чилангари Абдулло Эшонхўжаевни 7 апрель ...
2 february 2017
Шу кунларда Андижон шаҳрида турли мактаб ўқитувчилари ободонлаштириш ишларига жалб этилган. Йўл ёқаларида оҳак тўла челак, супурги кўтариб кўча ...
8 august 2024
Элтуз Порталига келган навбатдаги бешта мактуб Ўзбекистоннинг Тошкент, Сурхондарё, Хоразм ва Наманган вилоятларидан. Дастлабки мурожаат Тошкент вилоятидан келган. Пойтахт туманининг Чувалачи маҳалласига ҳанузгача ичимлик суви тармоғи етиб бормаган. “Тошкент тумани Чувалачи МФЙ Маҳорат кўчасидан ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...