• Фото: Муродилла Эшматов, Банк ахборот хизмати
Асосий мавзулар
17 february 2020

“Микрокредитбанк” cобиқ раҳбари Эшматов пора олишда айбланиб тергов қилинмоқда

Жорий йилнинг 7 февралида “Микрокредитбанк” бошқаруви раислигига Ориф Бўтаев тайинланди.

Ундан олдинги раҳбар Муродилла Эшматов жорий йилнинг 17 январида ишдан олинган ва 20 январда эса қатор иқтисодий жиноятларда айбланиб ДХХ тарафидан ҳибсга олингани маълум бўлди.

Бу ҳақда “Элтуз” мухбирига Ўзбекистон молия тизимида ишловчи юқори лавозимдаги раҳбар 15 февраль куни айтиб берди.

“Элтуз” мухбири айблов ҳужжатларини нашр қилмаслик шарти билан кўриб чиқди.

Бу ҳужжатларга кўра, 51 ёшли Муродилла Эшматов Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 210-моддаси (пора олиш) ва 211-моддаси (пора бериш)да ва катта миқдордаги давлат маблағларини жиноий йўл билан ўзлаштиришда айбланмоқда.

2019 йилнинг 26 октябридан то 2020 йилнинг 17 январигача “Микрокредитбанк“ акциядорлик тижорат банки бошқаруви раиси бўлиб ишлаган Муродилла Эшматов 80 миллион АҚШ доллари миқдоридаги пулни “жиноий ўзлаштириш мақсадида” Кипрдаги банк ҳисобига ўтказишда гумонланмоқда.

(Қайси ширкат ва яна Ўзбекистондаги қайси мулозим ва тужжорлар бу ишга аралашгани ҳақида “Элтуз”да қўшимча маълумотлар бор).

Шунингдек, “Элтуз” танишган ҳужжатларда айнан Эшматов буйруғи билан Тошкент шаҳрида 450 миллиард сўм “жиноий мақсад билан” нақдлаштирилгани таъкидланади.

“Микрокредитбанк“ бошқаруви раислигидан жорий йилнинг 17 январида бўшатилгани ортидан Муродилла Эшматов мамлакатдан қочишга уриниб, 3 кун мобайнида бекиниб юрган. 

Унинг ҳайдовчиси ҳибсга олиниб сўроқ қилингандан сўнг Эшматовнинг бекинган жойи аниқланган. 

“Элтуз” суҳбатлашган мулозим кўрсатган ҳужжатларда 20 январь куни Муродилла Эшматов ДХХнинг тезкор гуруҳи тарфидан қўлга олингани айтилади. 

Эшматов аввалига Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ертўласида жойлашган тергов изоляторида сўроқ қилинади. 

“Элтуз” билан алоқага чиққан ИИВ ходими эса Эшматовнинг шу кунда халқ орасида “Зарафшон” деб айтиладиган ДХХ тергов изоляторига олиб кетилганлигини айтди.

Тергов тафсилотларидан хабардор ИИВ ходимининг билдиришича, аввалига Эшматовга нисбатан сўроқ пайтида қийноқ қўлланган. Унинг бошига противогаз кийдиришган. Эшматовнинг боши катталиги боис битта противогаз йиртилиб ҳам кетган. 

Мулозим иддаосича, кейинги кунларда Эшматов тергов билан ҳамкорлик қилгани боис қийноқ ва ëмон муносабат тўхтатилган.

Очилган жиноят иш доирасида Эшматовнинг Ўзбекистондаги бутун мол-мулки хатланган.

“Элтуз” танишган ҳужжатда Эшматов тарафидан 2019 йил “Микрокредитбанк” раҳбари бўлган бир неча ой мобайнида Тошкент шаҳрининг турли қисмларида 7 та янги қурилган қиммат ҳовли-уй сотиб олингани акс этади.

Тошкент шаҳрининг Луначарский мавзесида Эшматов сотиб олган учта ҳовлининг бозор нархи 1 миллион саккиз юз минг АҚШ доллари, Дўмбиробод мавзесидаги иккита ҳовлининг тахминий бозор нархи 500 минг АҚШ долларида. 

Айни нархдаги яна икки ҳовли эса Тошкендаги Қишлоқ хўжалиги институти ëнидаги маҳалладан сотиб олинган.

Шунингдек, Эшматовга оидлиги айтилган кўп миқдордаги валюта қимматликлари, люкс автомобиллар ва олтин ëмбилар ҳам жиноят иши доирасида хатланган.

Эшматов устидан жиноят иш очилгани ҳақидаги хабарни “Элтуз” нашри бир-биридан мустақил амалдорлардан тасдиқлатиб олди. 

Айбланувчи сифатида ҳибсда қолаëтган Муродилла Эшматов 1969 йилда Қашқадарëда туғилган. 1991 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини, 1994 йилда эса Истанбул университетини тугатган. 1995 йилдан бошлаб Ўзбекистон банк тизимларида ишлаб келади.

2019 йилнинг 26 октябридан то 2020 йилнинг 17 январигача “Микрокредитбанк“ бошқаруви раиси вазифасида ишлаган.

2019 йил декабрда Эшматов Германияга бориб, Ўзбекистондаги йирик ва кичик бизнес субъектларининг инвестицион лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида “ODDO BHF” банки билан икки томонлама бизнес корпорацияларини ривожлантириш бўйича англашув меморандумини имзолаган эди.

2019 йилнинг апрель ойида ҳукумат қарорига мувофиқ, Эшматов Халқ банки бошқаруви раиси этиб тайинланганди. Бундан олдин у Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари лавозимида ишлаган.

Элтуз

Тағин ўқинг
10 august 2018
Бугун Eltuz.com нашри Ўзбекистондаги коррупцион бошқарув тизимини акс эттирган рассом Элсеварнинг янги ҳажвий суратини ақдим этади. Бу клептократик иншоотдан ...
20 may 2024
2024 йил 30 апрел куни ҳукуматпараст блогер YouTube тармоғида таниқли аёл ҳуқуқ ҳимоячиси Умида Ниязовага қаратилган туҳматли видеони чоп ...
26 august 2016
Бағдод тумани маҳалла фаолларидан бири, eltuz.comга ҳар бир қишлоқда яшовчи 18 ёшдан 55 ёшгача бўлган ҳар уч киши бир ...
1 june 2017
30 май куни ижтимоий тармоқда президент Мирзиёевнинг банкирларни кескин танқид қилгани аудиоси пайдо бўлди. Видеоселектрдан ёзиб олинган аудиода президент ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...