Асосий мавзулар
7 july 2019

«Сўнгаклар синграган соғир шайтанат…»

«Озодлик оҳанглари» аудиокитоби ўзбек модерн шеъриятининг асосчиси Рауф Парфи шеърлари билан очилади. «Элтуз» нашри бу китобдан ўрин олган шеърларни эълон қилиб боришга қарор қилди. Уларни ўқиш баробарида тинглаш ҳам мумкин.

2007 йили Сорос жамғармаси кўмагида чиқарилган бу лойиҳа анъанавий китоблардан фарқ этади.

«Унда тирик овознинг ҳозир, шу ерда хитоб этиши муҳим. Чунки бу овоз қай бир ҳофизу шоирга тегишли бўлмасин, унинг аёвсиз сўзлари ҳозирги ҳаёт ва ҳозирги борлиқ ҳақидадир», дейилади китоб мундарижасида.

Ўзбекистон турмасида неча йиллардан буён изтироблар исканжасида хўрланган дўстим, Улуғ Туркистон ёзувчиси Эврил Турон шаънига, асирликдан кўчиш ишончи ила

Муҳаммад Солиҳга мактуб

Тоштурма. Ҳибсхона
2000 йил 11 ноябрь

1.

Кўз-қулоқ илғамас мусибатдир бу,
Сўнгаклар синграган соғир шайтанат,
Зулм – ёвузликнинг энг сўнгги ҳадди,
Энг сўнгги оғриқнинг қонли инфоғи.

Ўз кўзларим ичра кўрдим, яшадим
Жуволдизлар, қамчинлар-ла кесилган,
Мижғиб куйдирилган танам ичинда.
Ҳадсиз ҳақоратнинг қаърида ёндим.

Нечун мен бундамен? Не сабаб? Нечун?!
Ҳорғин, сўлғин қуёш уйғотар мени.
Сўппайиб ой ботар булут чокидан.

Нечун мен бундамен? Нечун? Билмадим
Юзларча юзлашдим ўлимим билан,
Ўлим мени олмади, Аллоҳга шукур.

2.

Сизлаган сизларим лойга ботдилар,
Мажҳул сароб қўйниндадир оломон.
Имконлар боғланди, жонлар боғланди,
Темир панжараларга боғланди тилим.

Ким билсин нечун? Қайда ул ҳакам?
Қайда Ҳақиқатнинг қурби, қудрати?
Наҳотки орзулар, армонлар билса,
Ай, дўстим, келажак келмаса наҳот?!

Йўқ! Йўқ, фиръавннинг аянч лашкари,
Эркин виждонларни ютолмас зулм.
Иймон асирларин руҳи ўлмасдир.

Кулди ўлаётган дунёнинг шакли.
Сизга юрагимдан бир китоб ёздим.
Ўлим олмади мени. Китобим битмас.

Мени тарк этма, эй, Журъат, Жасорат,
Шул эрур мен учун умри саодат,
Қоврилсам ишқ, алам алангасида.

Дадахон Ҳасан

Айт, булбул, бормидир она масканинг,
Ростмидир, ёлғонми ўша чўпчак ҳам?
Ғоят содда эрур каломинг санинг,
Куйлаганинг куйми холос ёки ғам?

Борингда бормидир инжа бир нажот?
Ҳофизда Ишқ, Алам, қўлдан кетган Эрк.
Бағрига сиғдирар сени одамзот,
Ҳофизни босишга бағирлари берк.

Сен учунми, ай Туркистон булбули,
Темир қафас тўқир пастлар, нокаслар?
Кўкдан садо келди – қўшиқ Ғаротинг,

Сочилсин Туронга эркин нафаслар,
Очилсин гулларнинг Ҳақиқат Гули,
Уч, Ишқ, Алам бўлсин сенинг қанотинг.

Рауф Парфи
«Озодлик оҳанглари»,
eltuz.com

Тағин ўқинг
27 november 2025
Россиянинг мустамлакачилик сиёсати таъсири остидаги Ўзбекистоннинг бугунги ҳукумати Туркистон мухторияти тузилган санани атай унутишга интилиб келади ва бу сана ...
28 october 2025
Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистон иқтисодиётига хорижий валютанинг улкан оқими кириб келяпти. 2025 йилнинг дастлабки тўққиз ойи давомида мигрантларнинг пул ...
16 december 2019
«Ваъдабоз депутатларни сайлаб чарчадингизми, унда «Қўлдан келганча» партиясига овоз беринг». Телеграм ва ютуб тармоғида 2019 йилги сайлов кампанияси ҳажв ...
26 february 2022
Нега ўзбеклар Путинни севади? Бу саволга нормал мантиқ булан жавоб бериш қийин. Ҳозиргина тақирбошлар калтаклаган, ҳўрлаган ўзбек ўша золимга ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...