Асосий мавзулар
10 july 2019

«Бир ёнда ожизу, бир ёнда кучли…»

Муҳаммад Солиҳ шоир ва сиёсатчи. 1949 йил 20 декабрда Хоразмнинг Урганч туманида дунёга келган. Тошкент давлат университетининг журналистика факультети ва Москвадаги Олий адабиёт курсларида таҳсил олган.

1977 йилда илк шеърий китоби чоп этилган Солиҳ XX аср ўзбек шеъриятига Ғарб авангардчилигини олиб кирган шоир сифатида шуҳрат козонди.

Муҳаммад Солиҳнинг 20 дан ортиқ шеърий ва публицистик китоби чоп этилган. Солиҳ сиёсий фаолиятини 1985 йилда бошлади. У «Бирлик» халқ ҳаракатининг асосчиларидан бири.

1989 йил «Бирлик»даги бўлинишдан сўнг Солиҳ “Эрк» партиясини қурди.

1991 йил 29 декабрда ўтган илк президент сайловида Ислом Каримовнинг рақиби бўлган. 1992 йилда ҳибсга олиниши ва мухолифатга қарши қатағонлар ортидан Ўзбекистонни тарк этган.

Каримов режими уни 1999 йилдаги Тошкент портлашларида айблаб, ўн беш ярим йилга сиртдан қамоқ жазосига ҳукм этган.

«Элтуз» «Озодлик оҳанглари» аудиотўпламига кирган шеърларни тақдим этишда давом этади.

2007 йили Сорос жамғармаси томонидан Лондонда чоп этилган бу китобга ўз юртида аксар тақиқланган турфа шоирларнинг ижтимоий шеърлари ўрин олган.

Шундай Ватанинг бўлатуриб

Шундай Ватанинг бўлатуриб,
Ёзасан юлдузлар ҳақида,
Чароғон кундузлар ҳақида,
Қошлари қундузлар ҳақида.

Шундай Ватанинг бўлатуриб,
Сен гуллар ҳақида куйлайсан.
Онангнинг ҳам кўзёшини сен
Шабнам дея ўйлайсан.

Шундай Ватанинг бўлатуриб,
Коинот ҳақида сўзлайсан.
Тошга уриш керак бўлган бошни
Гулчамбар учун шайлайсан.

Шундай Ватанинг бўлатуриб,
Қурол йўқ қўлингда.
Шундай ватанинг бўлатуриб,
Қўрқасан ўлимдан!

На гўзал

Бир ёнда ожизу, бир ёнда кучли
кураш бошланаркан тарафма-тараф,
ожизнинг ёнини олганинг учун
«хоин» деб ном олмоқ нақадар шараф!

На шараф, халқини қул этган подшоҳ
«менинг душманим» деб сени атаса,
жазавага тушса, исминг эшитган чоғ
китобингни ўқиб, йиртса, топтаса!

На шараф-ки зулмга «зулм!» дея олсанг,
бошингда ҳар куни синса-да таёқ,
шайтондан қўрқмаслик нақадар гўзал,
на гўзал ягона Оллоҳдан қўрқмоқ!

Муҳаммад Солиҳ
«Озодлик оҳанглари»

Тағин ўқинг
17 december 2025
17 декабрда қандай  оламшумул воқеалар юз берган ва қандай буюк шахслар туғилган? Бугун бу ҳақда энг қисқа сатрларда Элтузнинг ...
7 september 2020
Эри томонидан аёвсиз калтакланиб, боласининг ахлати тўла уч кунлик памперсни ейишга мажбурланган самарқандлик 25 ёшли Мустаҳкамнинг дўппослангани видеоси тарқалганидан ...
9 november 2017
2017 йилги пахта теримида «Умумхалқ ҳашари» шиори остида бюджет идоралари ходимлари, жумладан, ўқитувчилар меҳнатидан тобора кенгроқ фойдаланилмоқда. Сирдарё вилоятидан ...
29 april 2017
Ислом Каримовга ёдгорлик танловида ўзбекистонлик ҳайкалтарош Илҳом Жаборов ғолиб чиқди. Танловда турли мамлакатлардан жами 58 ҳайкалтарош қатнашиб, 68 ёдгорлик ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...