Асосий мавзулар
9 august 2017

«Бир буюк қатлгоҳ эди бу майдон…»

Паҳлавон Содиқ 1973 йилда Наманган вилоятининг Чортоқ шаҳрида туғилган. Тошкент ва Туркияда журналистикадан таҳсил олган. «Руҳият насими» (1994) шеърий китоби муаллифи. Би Би Си радиосида хизмат қилади.

“Ахшомгача уруш эди… ”
Захириддин Муҳаммад Бобур, “Бобурнома”

Бир буюк қатлгоҳ эди бу майдон,
Қатл оний эди, Ўлим ҳақ, эди!
Гарчи ноҳақ эмас эди оломон…

Тўрт томон ёғийдир, тўрт тараф қамал,
Қаердан келди бу қарғалган черик?
Кимнинг амалидир бу чиркин амал?!

Бу кимнинг қўллари? Бу кимнинг лоши?
Кимнинг кўзлари бу кўксимга ботган?
Хали туғилмаган гўдакнинг боши,
Сени ким ўлдирган? Сени ким отган?

Сен кимнинг гаровга олган жонисан?
Қайси жаннатларда сенинг маконинг?
Наҳотки Бобурнинг Андижонисан?..

Бу исён қулларнинг қазоси каби…
Маҳв этилган қанча жонлар, иймонлар
Худди мўғулларнинг қасоси каби!..


Сени ким чорлади бу мотамгоҳга?
Ўлимни бўйнингга олиб келдингми?..
Ҳақ деб ўйладингми? Ҳақ деб кулдингми?

“Кулган бошқалардир, йиғлаган менман ”
* Дорнинг огочини тикканлар бошқа,
Дорнинг оғочида инграган менман.

(* Абдулхамид Сулаймон Чўлпон)


“Тонгласиға амон тилаб чиқтилар… ”
Заҳириддин Мухаммад Бобур, “Бобурнома”

Ёмғир тинди. Ўқ ёмғири тинмади.
Ажал қувлаб, ёмон тилаб чиқдилар.
Кўкдан раҳмат инди, Ердан инмади
Тонгласиға омон тилаб чиқдилар.

Яёв. Ёвуқ. Изгириндай изиллаб
Ўлим йўл бошлаган. Ўлим – йўлчидир.
Бу бир халқдир. Битта ўққа тизилган!..

Не навъ еткай нокасларга салтанат?! *
Қачон сендан омон чиққан алъамон?!
Эй Дажжол насаби, насли – Шайтанат!..

(* “Салтанат андоғ нокас, беҳунарларға не навъ етгай!”- “Бобурнома”)

Паҳлавон Содиқ
«Озодлик оҳанглари»

Тағин ўқинг
3 february 2018
Президент Мирзиёев 31 январь куни Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятовни ишдан олишидан сал аввал унинг икки ўринбосари ва ...
17 october 2019
Ўзбекистон сиëсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаëти янгиликларини ëритиб келаëтган togri.uz сайти фаолияти 14 октябрда тўхтатилди. Сайт муҳаррири Хуршид ...
1 march 2019
Ўзбекистон Молия вазирлигининг маълум қилишича, мамлакатда депутатлар ва сенаторлар 1,56 млн сўм (186 доллар), вазирлар 1,727 млн сўм (205 ...
8 december 2023
Таралгай мушк ила анбар, Кўчамдан Салим  ўтганда, Изида тупроқ ўлгай зар, Кўчамдан  Бахтий ўтганда. Бошига соябон бўлмоқ Умидида ошиб ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...