Асосий мавзулар
17 september 2025

Итоат учун жазо: мансабдорлар Ўзбекистон пахта тизими қурбонига айланмоқда

Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани ҳокимининг ўринбосари Дилфуза Тошматова Ўзбекистонда охирги уч йилдан бери теримчилар етишмаётган шароитда бу йилги пахта теримининг илк қурбонига айланди.

8-сентябр куни Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Тошматова “мажбурий меҳнатга жалб қилиш” учун маъмурий жавобгарликка тортилиб, 20,6 миллион сўм жарима қўлланилганлиги ҳақида эълон қилди. Бу қарор Тошматова томонидан маҳалла “хотин-қизлар фаоллари”га юборилган видеомурожаат ижтимоий тармоқларга тарқаб кетганидан сўнг қабул қилинди. Унда Тошматова ҳар бир фаолдан 5–10 нафар теримчи топишни талаб қилиб, акс ҳолда улар ишдан бўшатилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг расмий баёнотида фуқароларга агар улар пахта теримига мажбуран жалб қилинаётган бўлсалар, махсус ишонч телефонига аноним равишда мурожаат қилишлари мумкинлиги эслатиб ўтилган.

Дилфуза Тошматова муносиб жазога тортилгандек кўринса-да, пахта терими вақтида мажбурий меҳнат ҳақидаги мурожаатлар ва ОАВдаги хабарларни текшириши керак бўлган Меҳнат инспекцияси “кўз олдидаги филни кўрмасликни” афзал билди. Гап шундаки, Тошматова аслида пахтани ўз вақтида йиғиб олиниши учун жавобгар бўлган туман ҳокимининг топшириғини бажараётган шахс эканлиги аниқ.

11-сентябр куни Eltuz телеграм канали Бухоро тумани ҳокими Анвар Очиловнинг маҳалла ходимларига айтилган нутқи ёзиб олинган аудиоёзувни эълон қилди. Унда хоким фуқароларни пахта теримига сафарбар қилиш учун «қаттиқ шуғулланишга» чақирган. “Эртадан бошлаб шундай режимда ишлаймиз. Соат 6:30 дан кечиктирмай иш бошлайсизлар. Ҳаммани пахта теримига олиб чиқинглар. Фермерлар билан келишиб, теримчилар учун шароит яратинглар. Фото ва видео ҳисоботларни [Телеграм] гуруҳга юборинглар”, — деб топшириқ берган ҳоким.

Ҳокимнинг нутқидан маълум бўлишича, Бухоро тумани бир кунда 1 100 тонна пахта йиғиб олиши керак — бу туман бўйича белгиланган умумий режанинг 3,5 фоизини ташкил этади. Ушбу режани бажариш учун туман бўйича ҳар куни камида 20 мингта теримчини сафарбар қилиш лозим, дейди ҳоким.

Ўзбекистонда пахта теримини Президент маслаҳатчиси Шуҳрат Ғаниев назорат қилади. У анъанавий равишда пахта мавсумида ҳар куни тушдан кейин Zoom йиғилиш ўтказиб, вилоят ва туман рахбарларидан теримнинг кандай бораётгани, теримчилар сони ҳақида ҳисобот олади. 2024 йилги пахта терими давридаги шундай йиғилишлардан сиздирилган ёзувлар режани бажармаган туман ҳокимларига улкан босим ўтказилганини кўрсатган эди. Ғаниев уларни лавозимидан озод қилиш ва жиноий жавобгарликка тортиш билан таҳдид қилган.

Пахта терими вақтида ўзини ўзи бошқариш органи сифатида тақдим этиладиган «маҳалла еттилиги» одатдаги зарур теримчилар сонини таъминлаш учун масъул бўлади. Шу сабабли маҳалла ходимлари пахта терими пайтида жуда катта босим остида ишлаб, ҳоким топшириқларини бажармаслик уларнинг ишидан айрилишига сабаб бўлиши мумкин.

Маҳалла ходимларини ишдан бўшатиш билан қўрқитиб, пахта теримига сафарбар этишга мажбур қилгани учун ўқитувчининг олти ойлик маошига тенг миқдорда жаримага тортилган Дилфуза Тошматова, аслида, ҳукуматнинг энг юқори поғоналаридан бошлаб пастгача таҳдид ва қўрқитиш асосида қурилган пахтага сафарбар тизимининг навбатдаги қурбонидан бошқа нарса эмас.

Агар амалдорларни пахта терими учун одамларни мажбуран жалб қилишга ундаётган сабаб ва рағбатлар бартараф этилмаса, Ўзбекистон пахта далалари мажбурий меҳнат учун юқори хавфли ҳудуд бўлганича қолаверади.

Тағин ўқинг
26 august 2019
Тошкент шаҳрида 23-24 август кунлари Шайхонтоҳур тумани 4-ички ишлар бўлимига «Малика» савдо мажмуасидаги таянч нуқтасига соқолли эркаклар тутиб келтирилиб, ...
7 august 2020
Узоқ кўрмаган ва сиз учун азиз бўлган яқинингиз эшикни қоқмасдан очиб кириб, қаршингиздаги стулга келиб ўтирди. Сиз унга қарайсиз, ...
17 june 2019
«Жиян, энди мен сенга ҳеч қачон “ундай қилма, бундай қилма” демайман. Сени Аллоҳдан бошқа ҳеч ким, ҳеч нарса ислоҳ ...
31 may 2017
19 май куни президент Мирзиёев Бухорода эркин сайёҳлик зонасини яратиш қарорини тасдиқлади. 2980-сонли қарорга кўра, Ўзбекистон Миллий банки масъул ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...