Асосий мавзулар
5 january 2026

Хитой поезди: Иқтисодий юксалишми ёки қарамлик?

2026 йилнинг илк кунларида Хитойдан Ўзбекистонга кириб келган 47 вагондан иборат юк поезди мамлакатнинг «минтақавий юк етказувчи хаб» мақомини тасдиқлади. Бироқ, расмий баёнотлар ортида оддий халқ учун қандай муаммолар ва Хитой ҳукумати учун қандай геосиёсий манфаатлар яширинган?

Расмий матбуотда транзит юкларнинг кўпайиши бюджетга тушум олиб келиши айтилаётган бўлса-да, оддий фуқаролар кундалик ҳаётида фаровонликдан кўра, янги қийинчиликлар юзага келиши кутилмоқда ва бу маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг касод бўлиши, импортга қарамликнинг кучайиши ва мамлакат экологиясининг янада ёмонлашуви билан боғлиқ.

Маҳаллий ишлаб чиқаришга зарба

Хитойдан арзон ва кўп миқдорда товарларнинг тезкор кириб келиши «Абу Сахий» ва бошқа йирик бозорларни тўлдиради. Бу эса ўз маҳсулотини ишлаб чиқараётган маҳаллий кичик ва ўрта бизнес вакиллари (трикотаж, пойабзал, маиший техника) учун рақобатда енгилишини англатади. Натижада, иш ўринлари қисқариши ва кўплаб ширкатлар касодга учраши мумкин.

Юк поездлари асосан тайёр маҳсулотлар олиб келади. Агар биз ўзимизда ишлаб чиқариш ўрнига фақат «тайёрига айёр» бўлсак, миллий валютамиз — сўмнинг барқарорлиги ташқи савдо балансига (импортнинг экспортдан устунлигига) боғланиб қолади.

Мамлакат экологияси ва инфратизилмаси етадиган зарар 

Поездлар келадиган терминаллар атрофидаги ҳаракатнинг кўпайиши, юк машиналари тирбандлиги ва атроф-муҳит ифлосланиши маҳаллий аҳоли учун ноқулайликлар туғдиради. Шунингдек, йўлларнинг тез эскириши ҳам солиқ тўловчилар ҳисобидан таъмирланади.

Расмий Пекин учун Ўзбекистон орқали ўтган темир йўллар аслида бу шунчаки савдо эмас, балки стратегик ғалабадир.

Хитой ўз товарларини Европа ва Яқин Шарққа етказишда фақат Россия ёки денгиз йўлларига боғланиб қолмоқчи эмас. Ўзбекистон — бу Хитой учун энг хавфсиз ва қисқа «қуруқликдаги кўприк».

Хитой заводи ва фабрикаларининг тўхтамай ишлатиши учун янги бозорлар керак. 37 миллионлик Ўзбекистон ва у орқали Афғонистон ҳамда Покистон бозорларига чиқиш — Хитой иқтисодиёти учун янги «нафас йўли»дир.

Технологик устунлик 

Поездлар орқали Хитой нафақат кийим-кечак, балки автомобиллар, қуёш панеллари ва 5G технологияларини олиб киради. Бу эса Ўзбекистон иқтисодиётини узоқ йиллар давомида Хитой технологиялари ва сервис хизматларига боғлаб қўяди.

Ўзбекистоннинг логистик марказга айланиши — бу геосиёсий ютуқ, лекин бу ютуқ «оддий ўзбекистонлик»нинг чўнтагига ижобий таъсир қилиши учун ҳукумат қуйидагиларни таъминлаши шарт:

1. Поездлар нафақат Хитойдан келиши, балки тўла ҳолатда Ўзбекистон маҳсулотларини Хитойга олиб кетиши керак.

2. Транзитдан тушган даромадлар шаффоф тарзда ижтимоий соҳага йўналтирилиши лозим.

3. Маҳаллий тадбиркорларни Хитойнинг демпинг (арзон нарх) сиёсатидан ҳимоя қиладиган механизмлар яратилиши шарт.

Агар бу мувозанат сақланмаса, Ўзбекистон бой давлатларнинг юклари ўтадиган «катта кўча» бўлиб қолаверади, аҳоли эса фақат чет эл товарининг истеъмолчисига айланади.

Тағин ўқинг
11 september 2019
Ибтидосида айтай, мен шоир ёки бастакор, ё-да ҳофиз эмасман. Шеърга ўхшаган бир нарсаларни ёзиб, уларга ўзимча куй басталаб, онда-сонда ...
16 march 2016
“XXI аср” газетаси Ўзбекистон либерал-демократик партияси –ЎзЛиДеПнинг 2015 йилги бюджети ижроси ва 2016 йилги бюджетнинг асосий кўрсаткичлари тўғрисидаги ахборотни ...
10 june 2020
Бундан роппа-роса ўн йил аввал Ўш ва Жалолободда ўзбек ва қирғизлар орасида қонли тўқнашувлар бошланган эди. Мен ўша кунни ...
16 october 2025
Украинанинг Одесса вилоятида истиқомат қиладиган ва умрида Ўзбекистонга келмаган Украина ватандоши Людмила Гинкулнинг иддаосига кўра, у  Фарғона аэропорти мулозими ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...