Вақт машинаси
23 december 2025

23 декабрь – Сталиннинг жаллоди Берия қатл этилди

1953 йил 23 декабрда Лаврентий Бериянинг қатл этилиши Совет Иттифоқи тарихидаги энг драматик ва муҳим сиёсий воқеалардан бири ҳисобланади. Бу воқеа Сталиндан кейинги ҳокимият учун курашнинг якуни ва мамлакатда «илиқлик» даври бошланишининг дебочаси бўлди.

Ҳокимият учун кураш

1953 йил март ойида Сталин ўлганидан сўнг, СССР раҳбариятида учлик — Лаврентий Берия, Никита Хрушчев ва Георгий Маленков ўртасида яширин кураш бошланди. Берия Ички ишлар ва Давлат хавфсизлиги органларини бирлаштириб, ўз қўлида улкан куч тўплаган эди. У ҳатто бир қатор либерал ислоҳотларни (масалан, ГУЛАГдаги маҳбусларни амнистия қилиш) таклиф қилиб, ўз обрўсини оширишга интилди.

Хрушчев ва Маленков Бериянинг чексиз ҳокимиятидан ва янги қатағонлар бошланишидан қўрқиб, унга қарши фитна уюштиришди.

1953 йил 26 июнь Кремлдаги йиғилиш пайтида Никита Хрушчев кутилмаганда Берияни хоинликда айблади. Шу заҳоти Маршал Георгий Жуков бошчилигидаги бир гуруҳ ҳарбий зобитлар хонага кириб, Берияни ҳибсга олишди. Бу «тадбир» Бериянинг шахсий қўриқчилари ва махсус кучлари қаршилик кўрсатишига йўл қўймаслик учун жуда қаттиқ сир сақланган ҳолда амалга оширилди.

Суд ва айбловлар

Берия 1953 йилнинг июнидан декабригача Москва ҳарбий округи штабининг ерости бункерида сақланди. Унга нисбатан қуйидаги айбловлар қўйилди:

⁃ Чет эл (жумладан, Буюк Британия) разведкаси фойдасига жосуслик қилиш;

⁃ Социалистик тузумни йўқ қилиш ва капитализмни тиклашга уриниш;

⁃ Давлат хавфсизлик органларини партиядан устун қўйиш;

⁃ Кўплаб бегуноҳ одамларни қатағон қилиш ва шахсий ҳаётидаги ахлоқсизликлар.

1953 йил 23 декабрь куни СССР Олий судининг Махсус суд ҳайъати Берия ва унинг олти нафар шеригини (Меркулов, Деканозов ва бошқалар) ўлим жазосига ҳукм қилди. Ҳукм ўша куннинг ўзида ижро этилди.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Берия қатл олдидан тиз чўкиб, раҳм-шафқат сўраган ва йиғлаган. Уни генерал-полковник Павел Батицкий тўппончадан отиб ўлдирган.

Бериянинг ўлими билан СССР тарихида «Давлат хавфсизлиги органларининг партия устидан ҳукмронлиг» даври якунланди. Шундан сўнг КГБ (Давлат хавфсизлиги қўмитаси) ташкил этилди ва у тўлиқ Коммунистик партия назоратига ўтказилди. Бу воқеа Никита Хрушчевнинг яккаҳокимлик сари йўлини очди.

Берия СССР тарихида реабилитация қилинмаган (оқланмаган) кам сонли юқори мартабали раҳбарлардан биридир. Хусусан,  2002 йилда Россия Олий суди унинг ишини қайта кўриб чиқиб, ҳукмни ўз кучида қолдирган.

Тағин ўқинг
27 march 2025
Туркияда бўлаётган намойишлар ҳақида ўзбек сегменти нима деб валдираса – валдиради, алжираса – алжиради. Индамай, кузатиб бордим. Ўзбекистонда нечта ...
24 november 2025
Бухоро шаҳрида ҳам бир фожиали ҳолат рўй берди. Ҳамза кўчасидаги 17-кўп қаватли уйда яшаган ИИБ ходими, унинг аёли ва ...
26 january 2017
Ўзбекистонда Тошкент шаҳридан ташқари барча ҳудудларда табиий газ ва электр энергияси таъминоти абгор аҳволда экани шу вақтгача ҳаммага маълум ...
13 february 2019
Ўзбекистон Олий суди судьяси Ж.Тиркашев хоразмлик журналистлар Бобожоновлар шикояти бўйича 1 февраль кунги суд ажрими билан уларнинг уйларини мусодара ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...