Асосий мавзулар
30 november 2020

Ўзбекистон кучишлатар тизимларида раҳбарлар алмашинуви кутилмоқдами?

«Элтуз”га яқин ва бир-биридан мустақил манбаларнинг хабар беришича, келаётган декабрь ойида Ўзбекистоннинг кучишлатар тизимларида раҳбарлар алмашинуви кутилмоқда.

“Вазирларни алмаштириш қуйидаги вариант бўйича амалга ошиши мумкин. Ҳозирги бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев Конституцион ёки Олий суд раиси лавозимига, ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бош прокурор лавозимига, Миллий гвардия бошлиғи Рустам Жўраев ички ишлар вазири лавозимига тайинланиши кутилмоқда.

Лекин кадрлар рокировкасининг иккинчи варианти ҳам юз бериши мумкин. Унга кўра, ички ишлар вазири лавозимига ДХХдан Абдусалом Азизов келиши, ДХХ раиси лавозимига эса Миллий гвардия бошлиғи Рустам Жўраев тайинланиши ҳам мумкин”, дейди “Элтуз”нинг Тошкентдаги манбалари.

Уларнинг айтишича, бу тариқа рокировкаларни амалга ошириш президент Мирзиёевнинг ташаббусидир.

Айни пайтда бу иддаоларнинг расман тасдиғи йўқ. «Элтуз»нинг ҳукумат идораларига яқин манбасига кўра, ИИВ раҳбари Бобожоновга бош вазир ўринбосари лавозими раво кўрилиши ҳам мумкин.

“Бундай катта рокировкаларни режалаштиришга нима туртки бўлди?” деган саволга “Элтуз” манбалари: “Бош прокуратурадаги навбатдаги порахўрлик можаролари, шунинг ортидан у ерда юз берган кадр ўзгаришлари сабаб бўлди”, дея жавоб беришди.

Бошқарув элитасига яқин амалдорнинг мухбиримизга айтишича, «ИИВ тизимидаги Зокир Алматов даврида шаклланиб қотиб қолган коррупционер кадрларни ўзгартиришга Бобожоновнинг кучи етмаган. Улар бутун ташаббусларни тизимли саботаж қилишган. Шу қарама-қаршилик ортидан Бобожоновнинг саломатлиги ëмонлашган».

Эслатиб ўтамизки, бу фақат воқеадан хабардорлигини иддао қилган ўзбек мулозимининг тахмини, холос.

“Элтуз”нинг Бош прокуратурага яқин манбаларининг билдиришича, ўтган ойда бу идорада қатор кадр ўзгаришлари юз бериб, бу ерга МХХнинг собиқ раиси Рустам Иноятовнинг чекистлари келган.

“Бош прокуратура қайтадан “глобус”чилар (“Глобус” – МХХ собиқ раиси Рустам Иноятовнинг ҳукуматдаги лақаби – “Элтуз”) назоратига ўтди, деса ҳам бўлади. Масалан, Бош прокуратуранинг Кадрлар бошқармасига бунгача ДХХнинг Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган Алижон Абдуллаев тайинланди. Ички хавфсизликни таъминлаш бошқармасига ҳам Иноятовнинг кадрларидан бири келяпти”, дейди “Элтуз” манбаси.

Унинг айтишича, бу ўзгаришларга Бош прокуратурадаги навбатдаги порахўрлик можаролари сабаб бўлган.

“Шу кунгача Бош прокуратура Ички хавфсизлик бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Нодир Бойтемиров ва Кадрлар бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Содиқжон Назаровлар порахўрликда ва бир қатор бошқа жиноятларда гумонланиб, ишдан олиндилар”, дейди “Элтуз”га яқин манба.

“Мирзиёев уларни жиноий жавобгарликка тортишни ва сўроқ қилишни истамаяпти. Чунки илк терговдаёқ улар барча жиноятларни бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев раҳнамолигида қилишганини тан олишади.

Натижада Йўлдошевни ҳам ишдан олиб, қамашга тўғри келади. Шу сабабдан Мирзиёев “тўрт йилда тўртинчи бош прокурорни ишдан олиб қамаган президент, кадрлар сиёсати бир тийинга қиммат раҳбар” номини олиб, шарманда бўлишдан чўчимоқда”, дейди Ўзбекистон Бош прокуратурасига яқин манба.

“Элтуз” манбаларига кўра, юзага келган вазиятда Шавкат Мирзиёев оддий кадрлар рокировкаси билан чекланишни афзал билмоқда.

“Бу Ўзбекистонга нима беради?” деган саволга “Элтуз” манбаларидан бири: “Бу ўзгаришлар мамлакатга ва давлатга ҳеч нарса бермайди. Лекин президентга янги “садоқат”ларнинг садоқатини синаб кўриш имконини беради”, деб жавоб берди.

Унинг сўзларига кўра, Мирзиёев ҳалигача “Ўзбекистон кучишлатар идораларидаги “бардак”нинг асосий сабабчиси эски авторитар тизим эмас, нолойиқ ва садоқатсиз кадрлар”, деб билмоқда.

“Мирзиёев бугун ҳам: “Яхши ва садоқатли кадрларни олиб келсам, ишлар ўз-ўзидан яхшиланиб кетади. Порахўрлик ҳам шесть секундда тўхтайди”, деб хомхаёл қилмоқда”, дейди “Элтуз”га яқин манба.

Мулозимларнинг иддаоли таъкидича, бу ўзгаришлар жорий йилнинг 7 декабрь куни юз беради. Президент админстрациядаги манбанинг айтишича¸ ўша куни Ўзбекистон раҳбари Мирзиëев ИИВ биносига бориб мажлис ўтказади.

«Элтуз» Ўзбекистон бошқарув элитасидаги кадрлар тайинланиши билан боғлиқ жараëнлар матбуот кўзидан ўта ëпиқ эканини идрок этароқ, бу иддаоларни нашр қилишга қарор берди.

Таъкидлаганимиздек, кадрлар алмашинуви борасида расмий тасдиқ ëки инкор ололмадик. Мабодо Ўзбекистон амалдорлари бу иддаоларга муносабат билдирса ëки рад қилса, уларга ҳам минбар берамиз.

Ўзбекистон бошқарувидаги кадрлар сиëсатидаги манзара Конфуций айтган «қоронғу хонада ўзи йўқ бўлган қора мушукни қидириш» каби мавҳум ва абсурд бўлиб қолмоқда.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
13 february 2018
Ўзбекистонда оғир касаллар учун ишлатиладиган оғриқни қолдирувчи наркотик ва психотроп дорилар етишмаяпти. Мамлакат дорихоналарига наркотик дориларнинг кам миқдорда етказиб ...
14 november 2025
2017 йилда Ғарб давлатларида ўзбекистонликлар томонидан содир этилган туркум терактлар ўзбекларнинг радикаллашуви муаммосига эътибор қаратди. «31 октябрда Нью-Йоркда пиёдаларни ...
30 november 2022
Бугун 30 ноябр. Эътиборингизга Элтуз «600 секунд»нинг навбатдаги сонини тақдим этади.+++«Ўзгидромет»дан совуқ хабар. Ўзбекистонлик метеорологлар декабр ойининг бешинчи кунигача ...
21 april 2020
Бош прокуратура 6 апрелдан бошлаб ватандошлардан ўзларининг кундаликларини юритишларини сўради. Демак, Абсатторнинг кундалигини ўқиймиз: «Мен Абсаттор эртаматдан қўшним Абжаббор ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...