Cатира
25 january 2018

Шу ҳоким ҳам одамми?

Ҳали Ўзбекистон аҳли қалбида Оқтўбада ҳалок бўлган 52 нафар юртдошимизнинг мотами оғриғи сусаймай туриб, марҳумлар шаънини ҳақорат қилган Фарғона вилояти ҳокимини тўғрисида гап кетганда шундай саволни ўртага ташлаш адолатсизлик бўлмаса керак.

Бутун интернет бўйлаб тарқалиб кетган бу ҳақоратларнинг ҳаммасига тўхталиб ўтиш шарт эмас. Аммо шундай жиҳатлари борки, айтсанг тилинг, айтмасанг дилинг куяди.

Аввало, ҳокимнинг вилоят миқёсида бўлиб ўтган видеоселекторда айтган гаплари давлат раҳбариятининг мазкур фожеа муносабати билан кўрган ва кўраётган чора-тадбирларига жуда улкан соя бўлиб тушди.

Энди бутун халқ ҳукуматнинг бу чора-тадбирларини миннат ўрнида қабул қилмаслигига ким кафолат беради?

Азадор оилаларга берилган бор-йўғи 80 миллион сўм (тошлоқлик ҳар бир марҳумга минг доллардан ҳам тўғри келмайди) ҳомийлик ёрдамини бутун бошли вилоят ҳокими миннат қилиб турганидан кейин яна нима деб ўйлаш мумкин?!

Яна «таъна қилаётганим йўқ», деяётганига ўласизми. Таъна, миннат бўлмаса, нима бу гаплар?!

Яхшиям чўнтагидан бермаган. Акс ҳолда қолган халқни ҳам ўлмаганига пушаймон едириб, терисини тириклайин шилиб олармиди бу ҳоким.

Бошқа томондан, «ҳоким менинг одамим» деб уларнинг нуфузини кўтаришга ҳаракат қилаётган президентнинг ишончига берилган зарба эмасми бу?

Ҳоким тириклайин оловда ёнган 16 нафар тошлоқликка эмас, улар ўлгани учун «айбдор қилиниши» эҳтимолидан фол очиб, «бечора участка нозири»га ачиняпти.

«Ёзса ёзаверсин», деяпти ҳоким матбуотдан, жамоатчиликнинг фикридан қўрқмаслигини билдириб.

Бу гаплари билан шунчалик оғзи шалоқлигига қарамай, яна уни шу пайтгача мансабида ушлаб турган президентга орқа қиляптими?

Аслида давлат раҳбарининг орқасига урилган ханжар эмасми бу?

Ҳокимнинг ҳақоратларини эшитиб, бир вақтлар Андижон воқеалари ҳақида гапирган ëзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад исён қатнашчиларини «шўрванинг кир кўпиклари», дея атагани ёдга тушади.

Ҳар ҳолда Хуршид Дўстмуҳаммад депутат ëзувчи эди. Халқимиз бу «эркалик»ни уни севгани учун кўтара оларди.

Лекин иш қидириб, рўзғор ташвишида ўзга юртларга отланган чоғида тириклайин ёниб кетган ҳамюртларига ҳатто ўлимидан кейин ҳам бир оғиз яхши сўзини раво кўрмаган валломатнинг ҳақоратларини халқимиз кечирармикин?

Қолаверса, азадор халқнинг ярасига туз сепган бу ҳокимнинг ўз мансабида қолиш-қолмаслик масаласи халқ давлатга эмас, давлат халққа хизмат қилиши кераклигини айтаётган давлат раҳбари учун ҳам бир имтиҳон кабидир.

Сардор Азим
Eltuz.com

Тағин ўқинг
17 march 2018
Россияда 18 март куни Владимир Путиннинг яна бир бор президентликка сайланиши кутилмоқда. Федерация ҳудудларидан ташқари 2014 йили Россия ишғол ...
24 april 2020
Яқинда бир киши ЎзбекТВ дан чиқиб, «Аллоҳни зикр қилаётганингни биров эшитиб қолса, бу риё бўлади, ибодатинг қабул бўлмайди», дея ...
21 february 2021
Жиззах вилоятининг Бахмал туманидаги Дўсмат қишлоғида яшовчи Улуғбек Муродов Сенат раисаси Танзила Норбоева берган ваъдасини бажармагани хусусида ижтимоий тармоқда ...
14 august 2018
Бугун eltuz.com сатирасида рассом Туз қирғиз-ўзбек чегарасидаги яширин туннелдан ўтишга мажбур бўлаётган келинлар муаммосини акс эттиради. Ота-онасини кўриш учун ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...