Асосий мавзулар
16 october 2017

Эшагидан тушови қиммат «ҳашар»

Ҳар дам олиш кунлари Тошкентдаги турли вазирликлар, давлат қўмиталари, сон-саноқсиз бюджет ташкилотлар олди эрта тонгдан гавжум бўлади.

Гўёки ҳукумат мажбурий меҳнатга «қарши тиш-тирноғи билан курашаётган» бир пайтда бу идоралар ходимлари «халқ бойлиги бўлмиш оқ олтинни» тергани далага «ҳашар»га отланади.

«Ҳашар – элга яраша», дея бир-бирига ҳазил қилади ходимлар. Бугун мажбурий меҳнатни «ҳашар» ниқоби билан бекитишга уринаётган Ўзбекистонда бу ҳикмат ана шундай истеҳзо тарзидаги бир иборага айланиб қолган.

Эрта тонгдан «ҳашарчи»лар минган автобуслар карвони Тошкентдан чиқиб, пойтахтнинг турли туман ва вазирликларига «бириктирилган» ҳудудларга йўл олади.

Бунинг оқибатида сўнгги вақтларда пойтахтда йўловчи ташиш транспорти қатнови оралиқлари (интервали) анча узайган. Чунки юзлаб автобуслар нафақат дам олиш, балки иш кунлари ҳам «ҳашарчи»ларни далага ташиш билан банд бўлиб қоляпти.

Сўнгги бир неча ҳафтадан буён дам олиш кунлари пахта даласига чиқиб келаётган танишим билан гаплашиб қолдим.

Танишимнинг айтишича, у ишлайдиган идорага ҳар шанба куни пахта теримига камида 80 та одам жўнатиш мажбурияти юкланган.

«Бунинг учун 2 та автобус буюртма қиламиз. Бу автобусларни кузатиб бориш учун йўл-патруль хизмати (ГАИ)дан иккита автомобиль ажратилади. Эрталаб узоғи билан 7.30 да ишхонамиз олдидан жўнаб кетамиз. Соат 9 лардан ўтганда далага етиб борамиз. То теримга тушгунимизча соат 10 лар бўлиб қолади», дейди танишим.

Унинг сўзларига кўра, идорада шундоқ ҳам кейинги пайтларда қоғозбозлик кўпайган. Ходимлар тунги 10 гача ишда қолиб, турли ҳисоботлар, дастурлар тайёрлаш билан банд. Ҳозир ходимларнинг ярми пахта теримига жўнаган пайтда қолган ярми ҳам шанба, баъзан якшанба кунлари ишхонага келишга мажбур.

«Пахтага бориб ҳам ишни қойил қилиб қўймайди ҳеч ким. Узоғи билан 4-5 соат номигагина пахта терамиз. Кейин ўзимиз олиб борган ёки ишхонамиз ташкил қилган тушликни еб, яна Тошкентга қайтамиз», дейди у.

«80 киши терган пахта баъзан бир тоннага етмайди. Фермерлар ҳам бизнинг боришимиздан манфаатдор эмас. Улар номигагина келганимизни яхши тушунади. Биз каби «оқбилак»лар пахтани тоза термаймиз. Бу фермерга ёқмайди. Бизга гапини ҳам ўтказа олмайди. Шунинг тезроқ кетишимизни хоҳлаб тургани билиниб қолади», деб қўшимча қилади танишим.

Дам олиш кунлари эрта тонгдан «ҳашарчилар»ни кунлик пахта теримига олиб кетаётган автобуслар карвони фақат Тошкентгагина хос кўриниш эмас. Вилоятларда ҳам аҳвол шу.

80 та одам ўнта яхши теримчи терадиганчалик ҳосилни йиғиб бера олмайди. Лекин уларни далага «кўнгилли равишда ҳашар»га олиб чиқиш учун кетадиган харажатни туяга юкласангиз, жониворнинг бели синади.

Сон-саноқсиз автобуслар, йўл хавфсизлиги хизмати ходимлари жалб этилиб, тонналаб ёқилғи сарфланиб далага олиб бориладиган минг-минглаб «теримчи»ларнинг меҳнати самараси бунинг учун қилинган харажатларнинг ўндан бирини қоплашига ҳам кишининг кўзи етмайди.

Бу кўзбўямачилик учун, «бугун ўзбек халқининг барчаси пахтакор»лигини кўрсатиш учун шунча кераксиз, ортиқча харажатлар кимга зарур, деб ўйлаб қоласан киши.
Бир сўмлик маҳсулот учун икки сўм сарфлаш учун одам аҳмоқ бўлиши керак. Бугун Ўзбекистондаги барча ҳокимият органлари мана шундай аҳмоқона саъй-ҳаракатлар билан банд.

Бундай шароитда ўзбекларнинг косаси оқариши, мамлакатнинг иқтисодиёти тезроқ тикланишига ишонч камайиб бораверади.

Бу аҳмоқгарчиликларнинг чеки-чегараси бормикин?

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
9 june 2016
Ўзбекистонда энг «беозор» мавзу ҳисобланадиган ҳисобланадиган спорт хабарларини ёритувчи оммавий ахборот воситалари ҳам бирин кетин тақиққа учрамоқда. Футбол мутасаддилари ...
6 march 2017
Алексей Навальнийнинг маълумотларига кўра, Дмитрий Медведевга алоқадор жамғармалар ҳисобига “камида 70 миллиард рус рубли ҳажмидаги маблағ ва мулк ўтказилган». ...
7 april 2016
2005 йилнинг май ойидаги Андижон шаҳрида юз берган воқеалар хақида хикоя қилувчи “Сотқин” фильми шу кунларда Жиззах вилоятида кенг ...
1 may 2024
Салом қадрли мухлислар, Элтуз порталига келган cўнгги 5 та мактубни ўқиймиз, улар Ўзбекистоннинг Қашқадарё, Жиззах, ва Бухоро вилоятларидан келган. Хатлар оқими давом этмоқда, муаммолар ечимини таъминлаш, шунингдек каналимизнинг алоҳида саҳифасига кириб приватга ўтказилган ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...